Дудуқланиш нима сабабдан пайдо бўлади, унинг дастлабки белгилари қандай ва ота-оналар нималарга эътибор бериши керак? Kun.uz журналисти Нигора Ҳасанова болалар ва катталар психологи, нейропсихолог Доно Қулунчакова билан шу ҳақда суҳбатлашди.

Дудуқланиш қайси ёшда кўпроқ кузатилади?

Дудуқланиш - нутқ равонлигининг бузилиши бўлиб, бунда инсон гапираётганда айрим товуш ёки бўғинларни такрорлаши, чўзиши ёхуд сўзни бошлашда қийналиши мумкин. Бу ҳолат болаларда ҳам, катталарда ҳам учрайди.

Психолог Доно Қулунчакованинг айтишича, мутахассисларга дудуқланиш билан мурожаат қиладиганлар орасида икки ёшдан олти ёшгача бўлган болалар кўп учрайди.

«Икки ёшда боланинг нутқи энди шаклланаётган бўлади. Беш-олти ёшда эса боғчадаги янги гуруҳга ўтиш, мактабга тайёргарлик каби ўзгаришлар бошланади. Айрим болаларда шу жараёнлар қўрқув ва ҳаяжон билан кечади», — дейди мутахассис.

Унинг таъкидлашича, айниқса, тортинчоқ, нотаниш одамлар орасида ўзини ноқулай ҳис қиладиган болаларда нутқ билан боғлиқ қийинчиликлар кучлироқ намоён бўлиши мумкин.

Бироқ дудуқланишни фақат боланинг характери ёки қўрқоқлиги билан изоҳлаш тўғри эмас. Унинг пайдо бўлишида ирсий ва нутқ ривожланиши билан боғлиқ омиллар ҳам аҳамиятга эга.

Оиладаги жанжаллар бола нутқига таъсир қиладими?

Суҳбат давомида оиладаги носоғлом муҳит, ота-оналар ўртасидаги келишмовчиликлар ва болага нисбатан босим масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Доно Қулунчакованинг кузатишича, оилада тез-тез жанжал бўлиши, боланинг қўрқув ва доимий ҳаяжон билан яшаши унинг нутқига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

«Ёш ота-оналарда фарзанд тарбияси бўйича тажриба етишмаслиги мумкин. Турли жанжаллар, можаролар сабаб болада қўрқув пайдо бўлади», — дейди у.

Мутахассис болаларнинг телефон ва бошқа гаджетлардан меъёрдан ортиқ фойдаланишига ҳам тўхталди. Унинг сўзларига кўра, айрим оилаларда бола куннинг катта қисмини мультфильм ёки видеолар томоша қилиш билан ўтказади, катталар эса у билан етарлича мулоқот қилмайди.

«Бизга тўрт-беш ёшга кирган, ҳали нутқи шаклланмаган болаларни ҳам олиб келишади. Уйдагилар улар билан суҳбатлашмайди, гаплашмайди», — дейди психолог.

Қайси белгиларда мутахассисга мурожаат қилиш керак?