Куни-кеча Ўзбекистондаги интернет нашрларда Қашқадарё вилоятида содир бўлган шов-шувли воқеа – шифокорлар ёш болани жони узилди, деб онасига беришгани, болани уйга олиб кетишгани, уни дафн этиш маросимида бола “тирилгани” ҳақида мақола пайдо бўлди. Мақолада тилга олинган бемор боланинг яқинлари – унинг бувиси ва онаси бу вазиятга шифокорларни айблашган, уларнинг масъулиятсизлиги, сансоларлиги ва ўз касбини пухта билмаслигини важ этиб кўрсатишган.
Ушбу воқеа юзасидан Кун.uz мухбири Қашқадарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази реанимация бўлим бошлиғи И.Рўзиев билан боғланди. Шифокор бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:
“2017 йилнинг 14 май куни туғилган бемор Рашидов Муҳаммад ВБКТТМ чақалоқлар реанимация бўлимига ўта оғир ҳолатда: «Ҳомила ичи инфекцияси, сепсис, этиологиясида Stafilokokkus aurius. Марказий нерв системасини перинатал зарарланиши, чақалоқлар гемолитик камқонлиги, ичаклар фалажи» ташхиси билан ётқизилди. Беморга керакли текширув ва даво муолажалари ўтказилди.

Касаллик тарихидан маълум бўлишича, бола биринчи ҳомиладан биринчи фарзанд, қийналиб туғилган. Бемор боланинг ота-онасида ТОРЧ инфекция аниқланган. Шифохонага етгунча яшаш жойида поликлиника врачи назоратида бўлиб, эссенциали ва глюкоза олган”.
Шифокорнинг маълум қилишича, 2017 йилнинг 28 июнь куни Муҳаммадга «Ярали некротик энтраколит, ичаклар перфорацияси, перитонит» ташхиси қўйилади ва онаси ҳамда бувисига касалликнинг оғирлиги, ўтказиладиган операция хавфи тўғрисида тушинтирилади. Беморнинг онаси ва бувиси операцияга розилик тилхати беришади.
“Операция вақтида беморнинг ичакларида тешилган некротик яралар, тарқалган нажасли перитонит аниқланиб, патологик ўзгаришлар бартараф қилинди”, деди шифокор И.Рўзиев.
Операциядан кейинги Муҳаммадга “Ярали некротик гангреноз тотал энтероколит. Ичаклар яраларини перфорацияси тарқалган – йирингли - нажасли - фибринли перитонит. Илеостома операциядан кейинги ҳолат”, ташхиси қўйилади.
Шундан сўнг беморнинг онаси ва бувисига бажарилган операция ҳақида тушинтирилади. Ана шу ерда, кутилмаган воқеа юз беради. Беморнинг онаси ва бувиси “болани олиб кетамиз”, деб тилхат ёзишади ва 2017 йилнинг 28 июнь куни соат 19:40 да Муҳаммадни шифохонадан уйга олиб кетишади. Бироқ орадан икки соат ўтгач, болани ўта оғир аҳволда қайтариб олиб келишади ва реанимация бўлимига жойлаштиришади.

















