Бу тартиб президентнинг 2026 йил 14 октябрдаги «Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–375-сон қарорида назарда тутилган.

Қарорга кўра, 20 октябрдан Самарқанд вилоятида содир этилган, ҳужжатда белгиланган жиноятлар бўйича жабрланган вояга етмаганлар иштирокидаги судга қадар процессуал ҳаракатлар марказнинг ихтисослаштирилган хоналарида амалга оширилади. Булар сўроқ қилиш, эксперт текшируви учун намуналар олиш, экспертиза ўтказиш, таниб олиш учун кўрсатиш ва заруратга кўра бошқа ҳаракатларни қамраб олади.

Процессуал ҳаракатларни марказ психологининг хулосаси асосида махсус тайёргарликдан ўтган прокуратура ходими — интервюер амалга оширади.

Жараён мажбурий равишда аудио ва видеога қайд этилади. Ёзувларни марказда сақлаш, учинчи шахсларга бериш ёки ҳар қандай шаклда тарқатишга йўл қўйилмайди. Улар далил сифатида эътироф этилиб, болани судга чақирмасдан қўлланилиши мумкин.

Шунингдек, жабрланувчи боланинг қонуний вакили иштирокисиз гумон қилинувчи, айбланувчи, уларнинг яқинлари ёки ҳимоячилари билан бевосита учрашишига йўл қўйилмайди.

2027 йил 1 январдан жиноят ишига жабрланувчи ёки гувоҳ сифатида жалб қилинган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади. Бу вазифани болалар билан ишлаш бўйича махсус тайёргарликдан ўтган адвокатлар бажаради.

Бундан ташқари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тун-у кун ишлайдиган «1246» ишонч телефони «112» ягона диспетчерлик хизмати билан интеграция қилинади.