Вазирлик матбуот хизматининг билдиришича, дастлабки ўрганишлар давомида воқеа 2026 йил 11 ноябр куни содир бўлгани аниқланган.
Ўша куни марказ бўлимининг хўжалик бекаси эрталаб соат 07:20 да ишга келиб, тозаликни назорат қилиш чоғида йўлак деворларида оёқ излари қолганини кўрган.
Шундан сўнг деворларда оёқ излари қолишига сабабчи бўлган болалар тозалаш ишларига жалб қилинган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ тузган. Ўрганишлар якунларига кўра, ҳолатга йўл қўйган ходимларга нисбатан белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинди.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, Республика болалар тиббий реабилитация маркази 2026 йил март ойидан фаолият юритмоқда.
Муассаса 18 ёшгача бўлган беморларга асаб тизими, ортопедия, нафас йўллари ва ошқозон-ичак касалликлари бўйича реабилитация хизматларини кўрсатишга ихтисослашган.
Марказнинг ички тартибига мувофиқ, беморлар ҳар куни эрталаб ювинтирилади, тана ҳарорати ўлчанади ва бошқа зарур тиббий муолажалар ўтказилади.
Ҳозирча ҳолатга алоқадор ходимларга нисбатан қандай чоралар қўлланиши маълум қилинмаган.












