Жаҳон | 09:58 / 10.07.2017
11581
2 дақиқада ўқилади

Маккейн Афғонистондаги урушни бой бериш сабаби қаердалигини айтди

Фото: cbsnews.com

АҚШ Афғонистондаги вазиятни нормаллаштириш стратегиясига эга эмас ва деярли 16 йил муқаддам Осиёнинг ушбу давлатида бошлаган урушни бой бермоқда. АҚШ Конгресси Сенатининг қуролли кучлар ишлари бўйича қўмита раиси Жон Маккейн  шундай фикрни билдирди

У шу кунларда Америка сенаторлари делегациясига раҳбар сифатида Афғонистон, Покистон ва БААга ташриф буюрган эди. Америка қонунчилик органи вакиллари Кобулда давлат раҳбарияти ҳамда АҚШнинг ушбу мамлакатдаги ҳарбий контингенти қўмондони генерал Жон Николсон билан музокаралар ўтказди. 

"Бизда стратегия йўқ, шу сабаб ютқазаяпмиз", - деган Маккейн CBS телекомпанияси эфирида Афғонистондаги вазиятни изоҳлар экан. Бунда сенаторнинг қайд этишича, афғон миллий армияси "жиддий йўқотишлар"ни бермоқда. "Биз янги стратегияни ишлаб чиқишимиз керак", - дея ишонч билдирган сенатор. 

"Биз муаммо нимада эканини биламиз. У Оқ уйда, - деб қайд этган Маккейн. – Афсуски, Оқ уйда келишмовчилик ҳукм сурмоқда".

Ҳозирда, Афғонистонда халқаро коалициянинг 13 мингга яқин ҳарбий хизматчиси бўлиб, шундан 8,4 мингга яқини америкалик аскар ва офицерлардир. АҚШ ҳукуматининг Афғонистонни реконструкция қилиш бўйича бош инспектори Жон Сопко хулосасига кўра, Кобул ҳукумати 2015 йил ноябрь ойида мамлакатнинг 72 фоиизини назорат қилган бўлса, 2016 йил ноябрь ойи ҳолатига биноан бу ҳудуд 57 фоизгача қисқарган. 

Ўтган ҳафтада The Wall Street Journal нашри ёзганидек, Оқ уй АҚШ мудофаа вазирлигига (Пентагон) Афғонистонга мустақил равишда 3,9 мингдан ортиқ бўлмаган қўшимча кучларни юборишга рухсат берди. Нашр манбаларига кўра, шу йилнинг июнь ойида президент Дональд Трамп Пентагон раҳбари Жеймс Мэттисга Афғонистондаги ҳарбийлар сонини мустақил равишда аниқлаб олиш ваколатларини берган эди. Бундан ташқари, вазирга қўшимча кўрсатмалар юборилган.

Мавзуга оид