«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, тадбиркорлар ўртасидаги бевосита музокараларда ўзаро савдони кўпайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинган.
Томонлар паррандачилик, тўқимачилик ва енгил саноат, озиқ-овқат ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда ҳамкорлик учун катта салоҳият борлигини қайд этган.
Балх вилояти Савдо-инвестиция палатаси секретариати раҳбари Асадуллоҳ Асадий сурхондарёлик тадбиркорларни қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тоғ-кон саноати ва паррандачилик соҳаларига сармоя киритишга таклиф қилган.
Афғон томони маълумотига кўра, Андижон вилояти инвесторлари иштирокида Балхда паррандачилик фабрикасини қуриш лойиҳаси амалга оширила бошланган.
Балх вилояти Саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи Мавлавий Аҳмадхон Ходим икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми ўсиб бораётганини таъкидлаган. Унинг баҳосича, яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш 5 миллиард долларга етиши мумкин.
Ходим ўзбекистонлик тадбиркор ва инвесторларга зарур кўмак кўрсатишга тайёрлигини ҳам билдирган.
Музокаралар якунида турли йўналишлар бўйича келишувлар имзоланган. Уларнинг қиймати ва батафсил шартлари хабарда очиқланмаган. Делегация аъзолари Балх вилоятидаги саноат корхоналари фаолияти билан ҳам танишган.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик Балх вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сайед Аҳмад Шадоб билан учрашувда муҳокама қилинган.
Томонлар яқин кунларда афғон шифокорлари гуруҳининг Термиз шаҳридаги Халқаро савдо маркази ҳудудида жойлашган AKFA Medline Ayritom кўп тармоқли тиббиёт марказига ташрифини ташкил этишга келишган. Ташриф давомида ўзаро англашув меморандумини имзолаш режалаштирилган.

















