Рўйхатга кимлар киритилган?

Ҳибсга олиш ордерлари олий раҳбар Ҳайбатуллоҳ Охундзода, Олий суд раиси Абдул Ҳаким Ҳаққоний, таълим вазири Ҳабибуллоҳ Оға ҳамда олий таълим вазири Нидо Муҳаммад Надим номига берилган. Суд Охундзода ва Ҳаққонийга нисбатан ордерларни 2025 йил 8 июлда, ҳар икки вазирга нисбатан эса 2025 йил 9 сентябрда чиқарган. Ҳозиргача фақат дастлабки икки ҳужжатнинг мавжудлиги очиқ тасдиқланган, бироқ уларнинг мазмуни ёпиқлигича қолаётган эди.

Ҳужжатларда нима дейилган?

Судьялар хулосасига кўра, гумон қилинувчилар «Толибон» номидан Афғонистон тинч аҳолисининг асосий ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишига олиб келган давлат сиёсатини юритган. Гап қотилликлар, озодликдан маҳрум этиш, қийноқлар, зўрлаш ва мажбурий ғойиб бўлиш ҳақида бормоқда. Палата таъкидлаганидек, ушбу сиёсатга қарши деб ҳисобланган шахслар, ҳатто улар пассив норозилик билдирган бўлса ҳам, таъқиб нишонига айланган.

Икки вазирга қўйилган асосий айблов қизларнинг бошланғич синфлардан сўнг таълим олишини тақиқлаш ҳамда аёлларнинг олий маълумот олиш имкониятини ёпиб қўйиш бўлди. Суд талқинига кўра, жиноятлар «Толибон» 2021 йил 15 августда ҳокимиятга қайтган пайтдан буён содир этилмоқда.

Ҳужжатлар нима учун айнан ҳозир эълон қилинди?

Суд ҳужжатларнинг ошкор этилиши терговга халал бермайди деган хулосага келди ва шаффофлик давлатларнинг ХЖС билан ҳамкорлигига туртки бериши мумкинлигини билдирди.

«Толибон»нинг муносабати ва истиқболлар

Кобулдаги ҳукумат ХЖС ваколатини тан олмаслигини ҳамда вазирлар жазога лойиқ ҳеч қандай иш қилмаганини билдириб, мазкур қарорни қоралади. Гумон қилинувчиларнинг амалда ҳибсга олиниши эҳтимолдан йироқ: суднинг ўз полицияси мавжуд эмас, мамлакатни эса «Толибон» назорат қилмоқда.

Муҳим жиҳати шуки, ордерлар судгача бўлган босқичда берилган бўлиб, жиноят содир этилган деб ҳисоблаш учун «етарли асослар» мавжудлигига таянади. Бу ҳукм эмас ва тўртала шахс ҳам Суд палатаси якуний қарор чиқармагунча айбсиз ҳисобланади.