«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, Маданий мерос агентлиги директори ўринбосари Азизжон Арипжонов бошчилигидаги делегация Афғонистоннинг Балх, Тахор, Сари-Пул ва Фарёб вилоятларида бўлди.
Ташриф давомида вакиллар буюк ўзбек алломалари ва мутафаккирлари билан боғлиқ зиёратгоҳлар, мақбаралар ҳамда тарихий-маданий ёдгорликларни кўздан кечириб, уларнинг ҳолати ҳақида маълумот тўплади.
Жумладан, делегация Мазори Шарифдаги Равзаи муборак мақбараси, Тахор вилоятининг Ишкамиш уездидаги Бобо Раҳим Машраб зиёратгоҳи, Сари-Пул шаҳридаги тарихий ғишт кўприк, Хишт пул ва Эидгоҳ масжидлари билан танишди.
Шунингдек, Имомзода Яҳё мақбараси, Фарёб вилоятининг Андхой уездидаги Бобо Вали Жон мадраса мажмуаси, Алишер Навоий хайрия йўли билан қурдирган Бобо Вали ҳовузи ҳамда Мирсаид Барака меъморий обидаси ўрганилди.
Афғонистоннинг маданият соҳаси вакиллари билан учрашувларда Ўзбекистонда тарихий обидаларни қайта тиклаш бўйича катта тажриба ва малакали мутахассислар борлиги таъкидланди. Ёдгорликларни келажак авлодларга асл ҳолида етказишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқотларда ўзбек ва афғон халқларини асрлар давомида тарихий, маданий ва диний ришталар боғлаб келгани, Афғонистондаги бой маданий меросни шакллантиришда ўзбек халқининг ҳам ҳиссаси борлиги қайд этилди.
Тўпланган маълумотларни таҳлил қилиш асосида тарихий обидаларни асраш ва қайта тиклаш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолаш режалаштирилган.














