Жамият | 15:28 / 25.07.2017
29792
2 дақиқада ўқилади

Бинони бузиш ишларига жалб этилган мактаб ходими иш вақтида жароҳатланди

Наманган вилояти, Янгиқўрғон туманидаги 62-мактабнинг техник ходими мажбурий меҳнатга жалб этилиши оқибатида жароҳат олди.

«Кун.uz» манбаси берган маълумотга кўра, у Янгиқўрғон туманида жойлашган, хусусий тадбиркорга тегишли бинони бузиш ишларида қатнашаётганида томдан йиқилган.

Сайт таҳририяти бу ҳодиса юзасидан изоҳ сўраб, Халқ таълими вазирлиги билан боғланди. Сайтнинг Вазирликдаги манбаси ҳам бу хабарни тасдиқлаган.

Президентимиз Наманган вилоятига ташрифи вақтида янгиқўрғонликларга қулайлик яратиш мақсадида янги завод қуриш таклифини берган.

Бу таклиф мамнуният билан қабул қилинган, мутахассислар янги завод учун туман марказидаги эски дўкон биносини танлашган. Шундан сўнг, туман ҳокимияти ва касаба уюшмалари ташаббус кўрсатиб, барча соҳа вакилларини бу ишда қатнашишга чақирган. Мактаблар ҳам бу завод қурилиши ишида иштирок этиши учун бир нафардан техник ходимини ажратади.

Маълум бўлишича, 62-мактаб ходимига тезда тиббий ёрдам кўрсатилган, у молиявий томондан қўллаб-қувватланган. Айни вақтда у оиласи бағрида экани қўшимча қилинган.

Маълумот учун, мактаб техник ходими - қоровул, боғбон, уста, электрик ва дарс бермайдиган штатдаги бошқа ишчилар ҳисобланади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 7-8 июль кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида Янгиқўрғон туманида цемент ва ғишт заводлари қуришни таклиф этганди. 

Мавзуга оид