Наманган вилояти Учқўрғон туманида амалда фаолият юритмаган мактабгача таълим ташкилотларини расмийлаштириб, 1,3 млрд сўмлик субсидия маблағларини ўзлаштириш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Департаментнинг Учқўрғон тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъул шахслари ва бошқалар ўзаро тил бириктиргани аниқланган.

Улар Меҳнатобод ва Деҳқонобод маҳаллаларидаги хонадонларда мактабгача таълим ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказган. Бироқ мазкур МТТлар амалда фаолият юритмаган.

Шунга қарамай, расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритилиб, ушбу ташкилотларга 1,3 млрд сўмлик субсидия маблағлари ажратилган. Ушбу маблағлар ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.