Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Мустақиллик байрами арафасида янги объектларни ишга тушириш маросимида давлат раҳбари билан телекўприк орқали мулоқот қиларкан, вилоятда электр энергияси узилишлари “одамларнинг эсидан чиқиб кетгани”ни айтди.

“Бугун биз Уйчи туманининг энг чекка, Қирғизистон билан чегарадош қисмида сизнинг ташаббусингиз билан қурилган 200 MWли, 200 млн доллар қийматдаги энергия сақлаш тизимида турибмиз.

Ҳамма битта нарсага амин бўлиб қайтаряпти: Ўзбекистонда, Наманганда “электр узилди” деган гап одамларнинг эсидан чиқиб кетди. Мана, ҳурматлик президентимиз, [бу] сўнгги йиллардаги энг катта ислоҳотларнинг натижаси, деган ишонч ҳосил қилинди. Чунки Наманганнинг ўзида иккита 500 MWлик қуёш электр станцияси, Учқўрғон, Норин, Уйчи туманларида 300 MWга яқин ГЭСлар қурилиши, Поп туманида яна 200 MWлик қурилиш айтилган гапларнинг исботи”, – деди Абдураззоқов.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йил июн-июл ойларида Ўзбекистон энерготизимида 4 мингга яқин авария содир бўлиб, аҳоли ва тадбиркорлар 8-10 соатгача электрсиз қолган.