Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 28 август куни Самарқандда сайёр видеоселектор йиғилиш бўлди. ЎзА хабарида ёзилишича, ушбу видеоселектор мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ва бу борадаги долзарб вазифалар ижросига бағишланди

Йиғилишда Ҳукумат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, видеоселектор орқали Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари иштирок этди. 

Мустақиллик йилларида Ватанимизнинг нафақат бугунги тараққиёти, балки келажакдаги ривожланиш талабларига ҳам жавоб берадиган, мутлақо янги Миллий хавфсизлик концепцияси ва Мудофаа доктринаси ишлаб чиқилди. 

Таъкидлаш лозимки, кейинги беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган аниқ вазифа ва йўналишлар юртимизда тинчлик ва осойишталикни, барқарор тараққиёт ва миллатлараро тотувликни сақлаш, миллий армиямизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, мамлакатимизнинг конституциявий тузуми, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш борасида пухта ўйланган ва изчил саъй-ҳаракатларни амалга оширишда асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 январдаги қарорида ва 26 январь куни Президентимиз раислигида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида ўтган йиғилишда қабул қилинган ҳужжатларда миллий армиямизни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича аниқ вазифалар, уларни ижро этиш учун масъул раҳбарлар ва муддатлар аниқ-равшан кўрсатиб берилган эди. 

Бугун “Каттақўрғон” полигонида ўтказилган ҳарбий ўқув машқлари муваффақиятли якунланди, деди йиғилишда Президентимиз. Унда Мудофаа вазирлиги бўлинмалари мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш борасида етарлича салоҳиятга эга эканини кўрсатди. Шунингдек, Қуролли Кучларимизнинг жанговар тайёргарлиги ва имкониятларини ошириш бўйича муайян ижобий натижаларга эришганимиз ҳам яққол намоён бўлди. Бугунги имкониятдан фойдаланиб, барчангизга, бутун халқимизга бизнинг Мудофаа доктринамиз очиқ ва ошкоралик хусусиятига эга эканини таъкидламоқчиман. Биз шу тариқа хорижий давлатлар билан ҳарбий-сиёсий муносабатлар, хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ўзаро ҳамкорлигимизнинг самарадорлигини оширишга эришамиз, деб ишонаман, деди давлатимиз раҳбари. 

Ўтган қисқа вақт ичида Қуролли Кучларимизнинг ташкилий тузилиши борасидаги тизимни такомиллаштириш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, Қуролли Кучлар фаолият кўрсатадиган соҳаларга бевосита тааллуқли бўлган турли масалалар бўйича халқ билан ҳамкорлик қилишнинг мутлақо янги тизими жорий этилди.