Мақолани ёзилаётганда, бир гап эшитдим, «Реал» тарихда ҳеч қачон «Барселона»дан 7 очко ортда борган мавсумида чемпионликни нишонламаган экан. Бундай «қонуниятлар» кимларнидир ташвишлантириши бор гап, шу билан бирга ҳар қандай натижа ҳам қачондир биринчи марта содир бўлади.
Ла Лигадаги навбатдаги мавсумни «Реал» муваффақиятсиз бошлаши ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди. Айниқса, «Сантьяго Бернабеу»да қаторасига уч учрашув ғалабасиз ўтди. Албатта, жамоа ўйинларини кузатётган бўлсангиз, инқироз ҳақида гапиришга ҳожат йўқ. Таркиб борасида ҳам, ўйин бўйича ҳам Зидан шогирдлари ҳали ҳам Европанинг энг кучли клуби бўлиб қолмоқдалар, назаримда. Аммо бирор муваффақиятсизлик «серия» кўринишини олганда, тасодиф тоифасидан чиқади ва қандайдир сабаблар ахтаришга эҳтиёж яратади. Хўш, «Реал»га нималар халақит бермоқда?
ЖАРОҲАТ ВА ДИСКВАЛИФИКАЦИЯЛАР

Суперкубок учун ўтказилган ўйинда Криштиану Роналду ҳакамни туриб юборгани учун 5 ўйинга дисквалификация қилинди. Яна бир етакчи ҳужумчи Карим Бензема «Леванте» билан ўйинда оғир жароҳат олди ва камида бир ойга сафдан чиқди. Худди ўша ўйинда, чап қанот ҳимоячиси Марсело майдондан четлатилди ва Сосьедаддаги ўйинни ўтказиб юборди. Бунинг устига у кечаги ўйинда ҳам жароҳати туфайли майдонни тарк этди. Охирги хабарларга кўра, у бир ойгача сафга қайтмайди. Марселонинг ўрнини босиши керак бўлган Тео Эрнандес ҳам жароҳат олган. Матео Ковачич лазаретда, Лука Модрич ҳам бир ўйинни ўтказиб юборишига тўғри келди. Марко Асенсионинг ажойиб формаси пасайган.
Одатда жамоалар мавсумни имкон қадар бир таркибда бошлаб олади, чунки, жамоа яхши формада бўлмаганда, кўпроқ эски, синалган боғламлар, ғалаба қозониш тажрибаси қўл келади. Бир неча ўйинлар ўтгач, таркибни тетиклаштириш, баъзи чарчаган футболчиларга дам бериш учун ротацияларга қўл урилади. Таркибдаги ўзгаришлар режали ротациялар эмас, айнан мана шундай кутилмаган омиллар юзасига пайдо бўлаётгани натижага салбий таъсир қилиши муқаррар
ВАЗИЯТЛАРДАН ФОЙДАЛАНА ОЛМАСЛИК

«Реал» 5 турдаги статистик кўрсаткичлар бўйича ёмон натижа қайд этгани йўқ аслида. Дарвозага берилган аниқ зарбалар бўйича «Барселона» билан биргаликда (бир ўйинга 7.4) энг яхши натижа қайд этган. Ўртача аниқ паслар сони бўйича 2-ўрин (бир ўйинга 492), тўпни назорат қилиш бўйича ҳам 2-ўрин (62.3 фоиз)да боришмоқда.
«Сантьяго Бернабеу»даги 3 ўйинда жамоа атиги 2 очко олди холос. Бу ўйинларда «Реал» жами 62 марта дарвозага зарба йўллади, шундан 24таси аниқ чиқди. Бу зарбаларнинг атиги 3таси голга айланди холос. Мадридликлар дарвозасига 4 гол урилиши учун меҳмонлар атиги 9 маротаба аниқ зарба бериши кифоя бўлган, холос.

















