«Манчестер Юнайтед»нинг афсонавий ғалабаси қаҳрамонларидан бири, «кулиб турувчи жаллод» Оле-Гуннар Сульшер Red News порталига катта интервью берди. Эътиборингизга интервьюнинг эътиборга молик қисмларини ҳавола қиламиз. 

— Ишлар қалай, Оле?

— Ёмон эмас. Янги мавсумга («Мёльде» билан) тайёрланяпман. Бу ерда ҳаммаси бошқача. Мисол учун, майдон — сен ҳеч қачон у қандай ҳолатда бўлишини билмайсан. Айтайлик, бугун иситиш мосламаси ишдан чиқибди, кўчада ҳаво минус икки, натижада, машғулотни очиқ ҳавода эмас, кичик залда ўтказишга мажбур бўлдик. Бундай ҳолат ҳар қайси куни бўлиши мумкин.  

— Ишга қайтиш — тўғри қилганингни ҳис қиляпсанми?

Архив фото

— Ҳа. Кундан-кунга ўсиб бораётган футболчилар билан кунингни ўтказиш завқли. Уларнинг ҳар бирида эртага Англияда ёки Германия чемпионатига ўтиб кетиш имконияти бор, шунинг учун уларнинг ҳар бир машғулотга, вазифага бор кучини бераётганини кўраман. Масалан, Чемпионшипни олайлик, у ерда катта пул оладиган ва ўз жойида қолишни истайдиган, янги синовларни истамайдиган футболчилар кўпайиб кетган. Бу ерда ундай эмас.

— Сэр Алекс кўп айтарди — сен захира ўриндиғида ўтириб, ўйинни диққат билан томоша қилар экансан. Ростми шу? Майдонда бўлаётган воқеаларни яхши ҳис қила олармидинг?

Архив фото

— Менимча, ҳа. Авваламбор, бу ўйинга қай даражада алоқадор эканимни англай олардим. Балки шу туфайлими, ўша ерда ўтирганимда, «ҳаммаси жонга тегди» деган фикрлар кўп бўлмаган. Мен майдонга тушишга тайёр бўлардим ва бу амалга ошарди. Агар жамоа ютқазаётган бўлса, Босс менинг майдонга тушишим шерикларимга, мухлисларга, рақибга қандай таъсир қилишини биларди. Бу ўзига хос, жуда усталик билан тўқилган образ эди — «у майдонга тушса, гол уради» деб ўйлашарди. Бошқа тарафдан, агар биз 2:0 ёки йирикроқ ҳисобда олдинда борсак, ўйин охирида ёки танаффусдан кейин майдонга тушардим — мураббий ҳамма рози бўлишини истарди. Демак, ҳисобнинг бизнинг фойдамизга 1:0 бўлиши мен учун энг ёмони эди — бундай ҳолатларда мени туширишмасди (кулади)

— Хўш, сен захира ўриндиғидан туриб айнан нималарга эътибор берардинг, қайси тактик жиҳатларни қайд қилардинг?