Ўзбекистон | 16:53 / 17.10.2017
5962
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Эрон ТИВ раҳбарлари 2020 йилгача ҳамкорлик дастурини имзолади

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

2017 йилнинг 17 октябрь куни Эрон пойтахти Теҳронга расмий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Жавад Зариф билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берган.

Вазирлар икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб жиҳатларини муҳокама қилдилар, халқаро ва минтақа сиёсати муаммолари юзасидан фикр алмашдилар.

Суҳбат чоғида икки мамлакат раҳбарларининг Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштироки доирасида 2017 йил 11 сентябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг учрашуви Ўзбекистон-Эрон мулоқоти фаоллашишига янги туртки берганлиги таъкидланди.

Вазирлар томонлар учун аҳамиятга эга барча соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга тайёрлигини тасдиқладилар.

Учрашувда Ўзбекистон ва Эроннинг БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида вазирлар томонидан Ўзбекистон ва Эрон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2018-2019 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури имзоланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид