Жамият | 18:15 / 17.10.2017
12540
4 дақиқада ўқилади

Жиззахдан мактуб: Мактаб учун светофор ва ҳожатхона керак — халқ ҳашарга ҳам тайёр

Фото: KUN.UZ

Таҳририятимизга кунига юзлаб хатлар келади. Уларнинг аксариятида бизнинг фаолиятимизга муваффақиятлар битилган тилаклар бўлса, айримларида фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммоларни баён қилиб, уларни ҳал қилишда ёрдам сўрашади. Ана шундай хатлардан бири Жиззах шаҳридан келди:

«Ассалому алайкум! Ҳурматли КUN.UZ жамоаси!

Сизларнинг мамлакатимиз тараққиёти йўлида олиб бораётган хайрли ишларингизни қўллаб-қувватлайман ва сайтингизда ёритиб борилаётган янгиликларни доимо кузатиб бораман.

Мен ўзим ҳеч қачон бирор масала юзасидан ҳеч кимга хат орқали мурожаат қилмаганман (айнан оммавий ахборот воситаларига) ва ўзимнинг шахсий манфаатим учун бирор нарса сўраш фикридан мутлақо йироқман ва одамлар наздида «ёзувчи» деган ном олишни ёмон кўраман. Бироқ, қуйида баён этилажак масала сизларга ушбу хатни ёзишимга сабаб бўлди.

Жиззах шаҳридаги «Иттифоқ» маҳалласи шаҳарнинг марказий жойларидан. Ўзим шу маҳаллада яшайман, Фарзандларим шу маҳалла жойлашган 7-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўқийди. Мактабда ҳамма шароитлар яхши, янги жиҳозланган. Лекин бир муаммо узоқ йиллардан буён ечилмасдан келяпти. Бу катта йўлдан болаларнинг ўтиши учун светофор ва мактаб ҳожатхонаси.

Албатта, бу арзимаган муаммо бўлиб кўриниши мумкин, лекин фарзандларимизнинг тенг ярми қиз бола эканини ҳисобга олсак, буни ёзмасликнинг иложи бўлмаяпти.

Мактаб ҳожатхонасига деярли кириб бўлмайди, мактаб шаҳарнинг марказида жойлашган бўлса-да, ҳожатхона марказий канализация тизимига уланмаган (эски ўра усулида қурилган), ўта аянчи аҳволда. Шу муаммони ҳал қилишда сизлардан ёрдам бўлса биз ота-оналар миннатдор бўлардик. Ҳашар йўли билан қурилса ҳам, маблағ йиғиш керак бўлса ҳам, бунга тайёрмиз.

Светофор масаласини пайшанба кунида ўтказиладиган «профилактика куни» муносабати билан ўтказилган йиғилишда вилоят ИИБ ходимларига айтган эдик. Улар ёзиб олиб кетишган эди, лекин мана 10 ойдирки шу масала ечимини топмаяпти. Мактабга «Ёшлик» маҳалласидан камида 600–700 ўқувчи ҳар куни шу йўлдан ўтади. Йўлда қатнов жуда катта бўлиб, ҳаттоки катта ёшдаги одамлар ҳам зўрға нариги томонга ўтиб олади. Ҳозирги шароитда битагина светофор қўйиш катта харажат талаб қилмаса керак! 

Ҳурматли  Кun.uz жамоаси Жиззахга келиб ҳолатни ўз кўзларингиз билан кўриб, шу муаммоларни ҳал қилишда ёрдам берсаларингиз деган умидда Сизга мурожаат қиляпман. Сизларнинг аралашувингиз сабабли кўп муаммолар ҳал бўлаётганини кўриб Сизларга ёзиш самаралироқ бўлса керак деб ўйладим.

Ҳурмат билан фуқаро Э.Яхшибаев».

Жиззах шаҳри, «Иттифоқ» маҳалласи.

Таҳририятдан: Э.Яхшибоевнинг ушбу хатини мутасадди раҳбарлар ўқишади ва зарур чораларни кўришади, дея умид қиламиз. Ижодий гуруҳимиз Жиззах шаҳрига сафарга борганида биз албатта ушбу маҳаллага ташриф буюриб, вазият билан танишамиз.

Мавзуга оид