«Дунё» ахборот агентлигининг Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси маълумотларига таяниб хабар беришича, WaterCon компанияси ва Жиззах вилояти ҳокимлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган.

Ҳужжат компания делегациясининг Ўзбекистонга бизнес-миссияси давомидаги музокаралар натижасида қабул қилинган. Сафар Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган.

Делегация вакиллари Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлигида учрашувлар ўтказган. Музокараларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, чуқур қайта ишлаш ва замонавий тизимларни жорий этиш имкониятлари муҳокама қилинган.

Меморандумга мувофиқ, Янгиобод туманида замонавий зайтун плантациясини барпо этиш билан бирга, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйиш режалаштирилган.

Лойиҳанинг кейинги босқичларида зайтун саноат усулида қайта ишланиб, қадоқланади. Юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни Made in Uzbekistan бренди остида хорижий бозорларга етказиб бериш мўлжалланган.

Томонлар лойиҳани бошлаш учун зарур инфратузилмани шакллантириш ва ташкилий ишларни амалга ошириш бўйича навбатдаги қадамларни белгилаб олган.