«Дунё» ахборот агентлиги Британиянинг Heritage Daily нашрига таяниб хабар беришича, қидирув ишлари сентябр ойида Маданий мерос агентлиги ва Самарқанд археология институти мутахассислари томонидан олиб борилган.

Тадқиқотлар Жиззах вилоятининг Зомин ва Шароф Рашидов туманларини қамраб олган. Натижада Зомин воҳаси ҳамда Туркистон тоғ тизмаси ёнбағирларида қадимги инсонлар яшаган бир нечта манзилгоҳ топилган.

Хусусан, Зомин туманидаги Аччи қишлоғининг шарқий қисмида палеолит — қадимги тош даврига оид манзилгоҳ аниқланган. Пешагор қишлоғи яқинида эса неолит — янги тош даври манзилгоҳи топилган.

Аччининг ғарбий қисми ва Аржа қишлоғи атрофидан ҳам неолит даврига тегишли артефактлар аниқланган.

Турли даврларга оид манзилгоҳларнинг бир ҳудудда учраши Зомин воҳаси ва унинг тоғли ҳудудлари қадимги одамлар учун яшаш ҳамда табиий ресурслардан фойдаланишга қулай бўлганини кўрсатади. Топилмалар уларнинг ҳаракатланиш йўналишлари ва хўжалик фаолиятини ўрганишга ёрдам бериши мумкин.

Шароф Рашидов туманидаги Равот қишлоғи яқинида эса илгари қайд этилмаган петроглифлар — қоятош тасвирлари мажмуаси топилган. Улар Равотсой дарёсининг чап соҳилидаги сланец қояларга ишланган.

Ҳозирга қадар еттита қоя юзасида 30 га яқин тасвир ҳужжатлаштирилган. Камондан ўқ узаётган овчи сурати билан бирга, қоялардан бирида қуёш рамзига ўхшаш белги ҳам аниқланган.

Мутахассисларнинг дастлабки баҳосига кўра, қоятош тасвирлари турли даврларда — эҳтимол, бронза давридан илк ўрта асрларгача яратилган. Демак, уларни топилган тош даври манзилгоҳлари билан бир даврга мансуб деб ҳисоблашга ҳозирча асос йўқ. Тасвирларнинг аниқ ёшини белгилаш учун қўшимча тадқиқотлар зарур.

Олимлар келгусида янги объектларни кенгроқ ўрганиб, уларнинг ёши, маданий аҳамияти ва Марказий Осиёдаги бошқа қадимий ёдгорликлар билан алоқасини аниқлашни режалаштирмоқда.