Иқтисодиёт | 09:57 / 21.10.2017
5341
2 дақиқада ўқилади

Microsoft’нинг бозордаги қиймати 600 млрд. доллардан ошди

Фото: Microsoft

Microsoft АТ-корпорациясининг капитализацияси NASDAQ биржасида сўнгги 17 йил ичида илк бора 600 млрд. доллардан ошиб кетди. Бир кун аввалги савдолар якунида компания акциялари бир донаси учун 77,91 доллардан сотилаётганди, компания капитализацияси 601,1 млрд. долларга тенг эди, деб хабар бермоқда РБК.

Microsoft сўнгги бор 600 млрд. доллардан қимматроққа 2000 йилнинг 3 январь куни баҳоланганди. Ўшанда АТ-компания акциялари энг чўққига чиққанди – улар беш йил давомида тўхтовсиз ўсиб борди. 2000 йилнинг 10 март куни эса у кескин пастга қулаган – юқори технологияли компаниялар капитализацияси жиддий равишда пасайди, NASDAQ индекси эса бир ярим баробарга қисқарди ва фақатгина 2015 йилда аввалги позицияларга қайтди.

Йил бошидан бери Microsoft қиймати 25,4 фоизга ўсди. Шу билан бирга, АҚШнинг энг катта қийматга эга 500 та компаниясини бирлаштирувчи S&P 500 индекси 14,4 фоизга ўсди. Microsoft жаҳондаги энг қиммат компаниялар ўртасида учинчи ўринни эгаллаб турибди – ундан олдинда Alphabet (Googlе’нинг ҳолдинг компанияси, бозордаги қиймати $687,3 млрд.) ва Apple ($805,67 млрд.) бор.

Мавзуга оид