Халқаро форум 30 октябр куни Ўзбекистоннинг Вашингтон штатидаги Бош консулхонасида бўлиб ўтди. Seattle AI Week ҳафталигининг якуний тадбирида технология компаниялари, университетлар, инвесторлар ва давлат идораларининг қарийб 60 нафар вакили қатнашди. Улар орасида Ҳарвард, Вашингтон ва Шимоли-Шарқ университетлари ҳамда Сиэтл маъмурияти вакиллари ҳам бор эди.

Тадбир Бош консулхона, Америка–Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгаши, IT Park Uzbekistan ҳамда Жаҳон рақамли технологиялар академияси (WDTA) томонидан ташкил этилди.

Форум якунида Бош консулхона ва WDTA технологиялар ҳамда сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Ҳужжат университетлар, компаниялар ва давлат муассасалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, Ўзбекистон иштирокида таълим ташаббуслари ва синов лойиҳаларини ўрганишни назарда тутади. Унда киберхавфсизлик, маълумотларни ҳимоя қилиш ва сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланишга ҳам эътибор қаратилган.

Президент администрацияси раҳбарининг маслаҳатчиси, Америка–Ўзбекистон бизнес ва инвестиция кенгаши котибияти раҳбари Нозима Давлетова мамлакатнинг рақамли ривожланиш соҳасидаги устувор йўналишларини тақдим этди. IT Park Uzbekistan вакили Руслан Яппаров эса ёшларни ўқитиш ва стартапларни қўллаб-қувватлаш билан бирга, ҳисоблаш инфратузилмасини ривожлантириш имкониятларига тўхталди.

Сиэтл шаҳрининг технологиялар бўйича бош директори Шеннон Смит шаҳар хизматларини яхшилаш, қурилишга оид тартиб-таомилларни соддалаштириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини оширишда сунъий интеллектдан фойдаланиш тажрибасини тақдим этди. Шу доирада Сиэтл ва Тошкент ўртасида рақамли шаҳар бошқаруви бўйича тажриба алмашиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Иштирокчилар университетларда стартапларни ривожлантириш, улар учун устозлик дастурларини йўлга қўйиш ва бизнес эҳтиёжларига мос мутахассислар тайёрлаш масалаларини ҳам кўриб чиқди. Агротехнологиялар, сувни тежаш, тил хизматлари ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирувчи ечимлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида қайд этилди.
















