Жаҳон | 15:00 / 27.10.2017
41438
3 дақиқада ўқилади

Осиё миллиардерлар сони бўйича тарихда биринчи марта АҚШни ортда қолдирди

Фото: Fotolia

2016 йилда дунёдаги доллар миллиардерлари сони 10 фоизга, уларнинг умумий давлати эса – 17 фоизга ўсди. Бу ҳақда UBS ва PwC экспертлари томонидан тайёрланган Billionaires Report 2017 ҳисоботида айтилади.

Ҳисобот муаллифларининг баҳолашича, дунёнинг 1542 (бир йил олдин 1397 эди) миллиардерининг умумий капитали 6 триллион долларни ташкил этди, бу ўтган йилги натижадан 892 миллиард долларга кўпроқ.

Ҳисоботга кўра, 2016 йил якунлари бўйича Осиё мамлакатлари вакиллари бўлган миллиардерлар сони тарихда биринчи марта АҚШ миллиардерлари миқдоридан ошиб кетган. UBS/PwC маълумотларига кўра, ўтган йили Осиёда янги миллиардерлар ҳар икки кунда пайдо бўлган, натижада уларнинг сони бир йилда 23 фоизга ошган (520дан 637гача). АҚШ эса бу кўрсаткич фақат 5%ни ташкил қилди (538дан 563гача).

2016 йилда миллиардерлар сонининг кўпайишига Хитой каттагина ҳисса қўшди, бу ерда уларнинг сони бирданига 67 кишига ошди (318 нафаргача). Ҳиндистонда 2016 йилда 16 миллиардер пайдо бўлди, шу орқали бу давлатдаги уларнинг умумий сони юзга етди.

Осиё маҳаллий миллиардерлар умумий бойлигининг ошиши билан ҳам 2016 йилда энг юқори ўсиш суръатини қайд этди. Йил давомида у бирданига 31 фоизга кўпайди. АҚШ ва Европада эса мос равишда – 15 ҳамда 5 фоиз. Шунга қарамасдан, АҚШ бу ерда яшовчи супер бойларнинг умумий капитали бўйича етакчиликни сақлаб қолмоқда. 2016 йил якунларига кўра у, UBS/PwC баҳолашича, 2,753 трлн. долларни ташкил қилган (Осиё ва Европада – 1,965 трлн. ҳамда 1,319 трлн.) 

Ҳисоботда айтилишича, 2016 йилда миллиардерларнинг ўртача ёши 63 йилни ташкил қилган. Шу билан бирга, осиёлик (59 ёш) ва айниқса хитойлик (55 ёш) бойлар АҚШ (67 ёш) ҳамда Европадаги (66 ёш) рақобатчиларидан анча ёшроқ. UBS/PwC ҳисоб-китобларига кўра, Осиёда АҚШдан 6 ва Европадан 7 йил олдинроқ миллиардерга айланишмоқда.

Ҳисобот муаллифлари таъкидлашларича, дунёдаги миллиардерлар умумий давлатининг қарийб 39 фоизи ҳозирда 70 ва ундан юқори ёшда бўлган инсонларга тегишли. Экспертларнинг фикрича, яқин 20 йил ичида кексайиб бораётган миллиардерлар қарийб 2,4 трлн. АҚШ долларини мерос қилиб қолдиради ёки хайрияга берадилар. Шу билан бирга, Европада 70 ёшдан катта миллиардерларнинг улуши энг юқори (тахминан 53%), Осиёда эса миллиардерларнинг 81% ҳали бу ёшга етмаган.

Мавзуга оид