Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш тизимининг ажралмас қисми бўлган йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш энг муҳим давлат вазифаларидан бири саналади. Бу йўналишда Ўзбекистон Республикасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, шу жумладан, ҳайдовчи кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу тариқа, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари ҳисобга олинган ҳолда, республика қонунчилигида транспорт воситаси тезлик режимига талаблар кучайтирилди, бошқарув вақтида ҳайдовчи эътиборини чалғитувчи мобиль алоқа қурилмаларидан фойдаланишга, автотранспорт салонида турли видеотизимларга тақиқ қўйилди, шунингдек, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг хавфсизлик камарини мажбурий тақиши, автотранспорт воситасида тиббий ёрдам тўпламининг мажбурий мавжудлиги ва ичидаги нарсалар, ўт ўчиргич, авариявий тўхташ белгиси, нур қайтарувчи жилет бўйича норма киритилди.

Шунингдек, йўловчилар ва юкларни ташиш билан шуғулланадиган транспорт воситаларининг техник ҳолатига бўлган талаблар кучайтирилди, мураккаб транспорт йўллари ва кесишмаларининг муҳандислик ечимлари, қарама-қарши полосага чиқиб кетишга халақит берувчи ажратувчи қурилмалар, транспортнинг йўл четидаги ариққа чиқиб кетиш имкониятини камайтирадиган махсус йўл жиҳозларининг ўрнатилиши бўйича чоралар кўрилди.

Жорий йилнинг март ойидан бошлаб Тошкентда компьютерлаштирилган йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқариш тизими фойдаланишга топширилди, унинг айрим қисмлари баъзи вилоят марказларида амалга оширилмоқда. Дарвоқе, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларининг оммавий ахборот воситаларида қилган чиқишларида таъкидланишича, тизим ишлашининг фақатгина биринчи ойи якуни бўйича жиҳозланган чорраҳаларда Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши сони бир неча баробарга камайган. 

Йўловчилар ва юкларни ташишда ЙТҲ сони камайганига қарамасдан, ушбу тоифадаги ҳайдовчилар учун ЙҲҚга риоя қилиш тартиби етарли даражада эмас. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, 2016 йилда йўловчи ва юклар ташувчи транспорт воситаларининг ҳайдовчилари айби билан 972 ЙТҲ рўй берган, уларда 352 киши ҳалок бўлди, 962 киши жароҳатланди. Ушбу ҳайдовчилар тоифасида аниқланган йўл ҳаракати қоидалари бузилишининг умумий сони 3 890 ни ташкил қилди.

Шу билан бирга, йўлларда хавфсизликни таъминлаш тизимига таъсирнинг энг самарали шакли – бу ЙҲҚ талабларини қўллаш ва автотранспорт воситаларини бошқаришнинг амалий кўникмалари бўлиб, уларнинг асослари ҳайдовчилик автомактабларда олинади.

Ўқитишнинг инновацион услубларини жорий этиш орқали йўл ҳаракати, фуқаролар ҳаёти ва соғлиги хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларини огоҳлантириш бўйича чораларни кучайтириш, шунингдек, юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар малакасини ошириш тартибини такомиллаштириш мақсадида ИИВ ташаббуси билан 2017 йилнинг 4 сентябрида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 693-сон Қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2018 йил 1 январдан бошлаб юқорида қайд этилган шахслар томонидан «Avtotest» ўқув мажмуалари негизида ҳар 2 йилда бир марта малака ошириш курсларидан ўтиш тартиби ўрнатилди.