Эстония Россиянинг эҳтимолий босқинидан ҳимояланишга ҳозирлик кўриб, элита қўшинларини Россия чегарасига яқинроқ кўчирмоқда ва узоқ масофага зарба берувчи қуролларни харид қилмоқда. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.
Эстония қуролли кучлари ва разведкаси раҳбарияти Москва НАТО билан — ҳеч бўлмаганда яқин икки йил ичида — кенг кўламли уруш олиб боришга интилмоқда деб ҳисобламайди, бироқ Россия келгусида юз бериши мумкин бўлган тўқнашувга тайёргарлик кўрмоқда деган фикрда.
«Тийиб туриш механизми иш бермаяпти. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун ўта муҳим паллага келяпмиз — бу ҳам биз учун, ҳам барча Болтиқбўйи мамлакатлари учун яқин бир-тўрт йил ичида бошланади», — деди Эстония ҳарбий разведкасининг юқори мартабали вакили.
Эстониянинг асосий ҳарбий базаси бўлган Тападан сараланган қисмлар ҳозир доимий асосда шарқроқдаги — Россия чегарасига яқинроқ жойлашган позицияларга кўчирилмоқда.
Йихвидаги янги базадан ташқари, Нарванинг ўзида ҳам 1000 нафаргача ҳарбий хизматчини жойлаштиришга мўлжалланган база бунёд этилмоқда: у 200 аскарнинг доимий туриши учун мўлжалланган, бироқ инқирозли вазият юз берганда яна 800 кишини ўз бағрига сиғдира олади.
Шунингдек, сўнгги бир йил ичида Эстония Американинг 300 км масофага парвоз қилувчи М57 баллистик ракеталарини ўз ичига олган тўққизта HIMARS ёппасига ўт очиш реактив тизимини ҳамда худди шундай масофага уча оладиган Жанубий Кореянинг тўққизта Chunmoo тизимини харид қилиш бўйича шартнома имзолади. Бунда Тападан Санкт-Петербургача бўлган масофа 260 км ни ташкил этади.
FT нашрининг ёзишича, аввалроқ Эстония ҳарбий режалаштирувчилари мамлакатнинг тарихий ва географик хусусиятларини ҳисобга олган мудофаа доктринасини ишлаб чиққан эди. Ушбу стратегияга кўра, Россия бостириб кирган тақдирда, чақирув бўйича тўпланган қўшинлар тезкор сафарбарлик ўтказиб, НАТО қўшимча кучлари етиб келгунига қадар партизанлик урушини олиб бориши ва душман кучларини ҳолдан тойдириши лозим.
Бироқ Россиянинг Украинадаги хатти-ҳаракатларини таҳлил қилган Эстония ҳарбий раҳбарияти бундай режа наф бермайди деган хулосага келди. Энди улар Кремл йўқотишлар билан ҳисоблашмайди деган фикрда. Эстонияда, шунингдек, россиялик ҳарбийлар марраларни эгаллаб олгач, уларни қайтариб бермасдан, ҳатто ҳудуддаги барча нарса ер билан яксон қилинган бўлса ҳам, уни ўз назоратида ушлаб туришда давом этаётганига эътибор қаратилди.
Энди Эстония чегарадан бошлаб ҳудуднинг ҳар бир қаричи учун курашишни ҳамда эҳтимолий босқиннинг илк куниданоқ Россия ҳудудига — орқа фронт ичкарисига юзлаб километр масофага қақшатқич зарбалар беришни режалаштирмоқда.








