Спорт | 08:30 / 12.11.2017
13097
2 дақиқада ўқилади

Марокаш терма жамоаси мухлислари Брюссель марказини “остин-устун қилишди”

Фото: thenews.com.pk

Футбол бўйича Марокаш терма жамоаси 2018 йилги жаҳон чемпионатига чиққани маълум бўлгандан кейин 11 ноябрь кечки вақт Брюссель марказида 300 га яқин марокашлик “хурсандчиликдан ичига сиғмай” тартибсизликлар уюштирди. Бу ҳақда Бельгия пойтахти полицияси маълум қилди.

Марокаш Африка қитъасидаги саралаш босқичида Кот д'Ивуарни 0:2 ҳисобида ютгач, Россияга бориш ҳуқуқини қўлга киритди.

Бу маълум бўлгандан кейин Марокаш терма жамоаси мухлислари Брюсселнинг шундоқ марказида жойлашган тарихий Биржа кварталига  йўл олиб, у ерда “Қишки хурсандчиликлар” кўнгилочар дастури учун ўрнатилган конструкцияларни вайрон қила бошлашган. Мухлислар камида битта машинага ўт қўйишган. Полиция безориларни сув отгичлар билан ҳайдашига тўғри келган.

Брюсселликлар орасида мухлисларга ачинганлар ҳам топилди: улар полицияни марокашликларга терма жамоалари муваффақиятини нишонлашга халақит берганликда айблашган.

Марокашлик футболчилар жаҳон чемпионатида 1998 йилдан бери биринчи марта иштирок этишадиган бўлишди. Кот-д'Ивуар эса қаторасига 3 та мундиалдаги (2006, 2010, 2014) иштирокидан кейин навбатдагисини ўтказиб юборадиган бўлди.

Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи учун қуръа ташлаш маросими 1 декабрда Москвада бўлиб ўтади.

Мавзуга оид