Швециянинг IKEA компанияси Белгиядаги ўта ўнг «Фламанд манфаати» (Vlaams Belang) партиясига қарши суд низосида оралиқ ғалабага эришди. Низога партиянинг миграцияни қисқартиришга қаратилган сиёсий режасида IKEA товар белгисидан фойдалангани сабаб бўлган.

8 сентябрь куни Люксембургдаги Европа Иттифоқи суди мазкур масала юзасидан IKEA позициясини қўллаб-қувватлади.

Суд фикрича, бошпана ва миграция сиёсатига оид сиёсий режа номида IKEA каби обрўга эга товар белгисидан фойдаланиш компания бренди нуфузига зарар етказиши ва унинг қонуний манфаатларига зид келиши мумкин.

Суд талқинига кўра, обрўга эга товар белгиси эгаси сиёсий партия томонидан ушбу белгидан фойдаланилишига қарши чиқиш ҳуқуқига эга. Бунда сиёсий партия ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқи товар белгиси эгасининг ҳуқуқ ва манфаатларидан устун эканини асослаб бериши лозим.

«IKEA режаси» нима?

Низо 2022 йилда бошланган. Ўшанда «Фламанд манфаати» партияси Белгиянинг миграция қонунчилигини ислоҳ қилиш бўйича ўз дастурини «IKEA режаси» деб атаган.

Партия ҳатто сиёсий режасини IKEA мебелларини йиғиш бўйича машҳур йўриқномалар услубида безаган.

Бироқ бу ҳолатда IKEA сўзи компания номи сифатида эмас, балки нидерланд тилидаги Immigratie Kan Echt Anders иборасининг қисқартмаси сифатида ишлатилган. Уни мазмунан «Иммиграция ҳақиқатан ҳам бошқача бўлиши мумкин» деб таржима қилиш мумкин.

Шундан сўнг IKEA ўз товар белгисидан сиёсий кампанияда фойдаланилганига қарши судга мурожаат қилган.

«Фламанд манфаати» эса IKEA брендининг кенг танилганидан ўз сиёсий ғояларига эътибор жалб қилиш ва уларнинг таъсирини кучайтириш мақсадида фойдаланганини яширмаган. Партия бу ҳаракатини фикрни эркин ифода этиш ҳуқуқи билан асослаган.

Икки фундаментал ҳуқуқ ўртасидаги низо

Ишни кўриб чиқаётган Белгия суди мазкур вазиятда икки асосий ҳуқуқ — мулк ҳуқуқи ҳамда фикрни эркин ифода этиш ҳуқуқи ўртасида зиддият мавжуд деган хулосага келган.

Шу сабабли Белгия суди Европа Иттифоқи судидан масала бўйича ҳуқуқий талқин беришни сўраган.

Люксембургдаги суд эса «Фламанд манфаати» партиясининг далилларини етарли деб топмаган.