Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига шарҳ эълон қилинди.
Электр ва газ таъминоти соҳасидаги тизимли муаммоларни самарали ҳал этмасдан туриб иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, ишлаб чиқариш ва хизматлар соҳасини кенгайтириш, ишчанлик фаоллиги ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлигини юксалтириш мумкин эмас.
Шу муносабат билан, кейинги йилларда республикада электр ва газ таъминоти тизимининг инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш, энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилиш самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда назорат ва ҳисобга олишнинг самарали тизими мавжуд эмаслиги сабабли электр ва газ таъминоти корхоналари фаолиятида доимий ошиб борувчи қарздорлик юзага келишига, энергия ресурслари етказиб беришда мунтазам узилишларга ва тармоқ корхоналарининг оғир молиявий аҳволига олиб келган кўплаб жиддий камчиликлар тўпланиб қолган.
Электр ва газ таъминоти корхоналари назоратчиларининг ҳаракатсизлиги ҳамда улар ўртасида суиистеъмолчилик ҳолатларининг кенг тарқалганлиги юзага келган вазиятнинг асосий сабаблари ҳисобланади. Қарздорликнинг йирик миқдори ва уни ундириш учун зарур ходимларнинг мавжудлигига қарамасдан, «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АЖ корхоналари томонидан етарли даражадаги ундирув таъминланмаган.
Электр узатиш линиялари ва газ қувурларини комплекс модернизация қилиш борасида етарли ишлар амалга оширилмаган.
Кўп йиллар давомида энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини (ЭНҲАТ) жорий этиш бўйича бир неча бор чоралар кўрилган бўлсада, мазкур йўналишдаги ҳеч бир лойиҳа якунига етказилмаган, бу, ўз навбатида, энергия ресурслари истеъмолининг ҳаққоний ҳисоби ва назоратини ташкил этишга, шунингдек, талон-тарож ҳолатлари ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга жуда салбий таъсир қилган.
Масалан, энергия ресурслари абонентлари умумий сонининг атиги 2,6 фоизи ЭНҲАТда ишлайдиган электр энергиясини ҳисоблаш ускуналари билан жиҳозланган, 40 фоизи ташқи таъсирдан ҳимояланмаган эскирган ҳисоблаш ускуналаридан фойдаланади, 48 фоизи ЭНҲАТга мос келмайдиган турли модификациядаги ҳисоблаш ускуналарига эга, шунингдек, 9,4 фоизида энергия ресурсларини ҳисоблаш ускуналари мавжуд эмас.






