Қозоғистон ташаббуси билан 22 апрель — Халқаро сайёрани кўкаламзорлаштириш куни, Тожикистон ташаббуси билан 31 август — Халқаро хавфсиз, ҳимояланган ва ишончли сунъий интеллект куни сифатида нишонланадиган бўлди. Биринчи резолюцияни 140 мамлакат, иккинчисини эса 144 мамлакат ёқлаб овоз берди; АҚШ иккаласига ҳам қарши чиқди.
Шунингдек, овоз бериш жараёнисиз, Сурия ташаббусига кўра, 19 декабрь куни нишонланадиган Бедарак йўқолганларни излаш билан шуғулланувчи аёллар хизматларини эътироф этиш халқаро куни таъсис этилди.
Бир қатор мамлакатлар янги саналарни олқишлади, бироқ Канада, Янги Зеландия, Австралия, Аргентина ва Мексика бундай кунлар сони ортиб бораётгани, уларнинг бир-бирини такрорлаши эҳтимоли ва БМТ зиммасига қўшимча юклама тушишидан хавотир билдирди.
АҚШ вакили ҳам ушбу ташаббусларни танқид қилиб, янги халқаро кунларни «исрофгарчилик» деб атади.
Халқаро кунлар рўйхати БМТ Бош Ассамблеяси томонидан доимий равишда тўлдириб борилади ва бугунги кунга келиб 111 тага етди. Бу кунлар тарихий воқеаларнинг аҳамияти ва инсон ҳаётининг муҳим жиҳатларини таъкидлаш учун БМТ Бош Ассамблеяси қарорлари билан таъсис этилади.
Аъзо давлатлар кунни эълон қилиш ташаббуси билан чиқиши мумкин, резолюция эса консенсус асосида қабул қилинади. Шу боис рўйхатга деярли ҳар йили янги саналар қўшилади.







