Жаҳон | 07:30 / 15.11.2017
19471
2 дақиқада ўқилади

Қирғиз сомининг юбилейига ноодатий янги купюра чиқарилмоқда

Қирғизистонда миллий валюта – сомнинг муомалага киритилиши ва Қирғизистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан 2 минг сомлик янги купюра чиқарилади. Бу ҳақда Қирғизистон миллий банки раиси Куванчбек Кулматов маълум қилган.

Унинг айтишича, янги банкнота 17 ноябрдан муомалага чиқарилади. Купюра қирғиз давлатчилигининг вужудга келиши тарихини акс эттирувчи оригинал дизайнга эга. Эътиборлиси, янги купюрада тасвирлар вертикал йўналишда тасвирланган.

“Банкнотанинг олд томонидаги асосий сюжет – миллий қаҳрамон, банкнотада орнаментал шакллар тарзида ифодаланган қирғиз қавмларини бирлаштирган Манас ҳайкалидир. Умай Эне рамзи, кўчманчи халқлар турар жойи – ўтов фаровонлик ва мўл-кўлчилик рамзи сифатида тасвирланган”, деб маълум қилди миллий банкнинг пул бирликлари бошқармаси бошлиғи Мадина Аширалиева.

Банкнотанинг орқа томонида ҳаёт ва қирғиз халқи фаровонлиги рамзи сифатида дарахт тасвирланган. Хон-Тангри тоғининг тасвири қирғиз халқининг мустақиллиги, юқори марралар ва ютуқларга интилишини ифодалайди. Иссиқ-Кўл узра парвоз қилаётган бургут эса қирғиз халқининг очиқлиги ва эркинлигини билдиради.   

Янги купюрада уни қалбакилаштиришнинг олдини олиш мақсадида бир қатор ҳимоя унсурлари қўлланган:

- рангли голограмма. Банкнота чапдан ўнгга эгилганда 25 рақами миллий нақш тасвирига ўзгаради ва аксинча;

- микрооптик тасма. Банкнотани кўриш бурчаги ўзгартирилганда тасмада 3 ўлчовли чуқурлик эффекти, ҳаракатланиш ва ялтираш эффекти аксланади;

- яширин тасвир. Банкнота эгилганда рангдор полосалар пайдо бўлади;

- сув белгиси. Уч ўлчовли кўп тусли сув белгиси қўлланган.

- банкнота ёруғликка тутилганда унинг олд ва орқа томонидаги устма-уст тушувчи тасвирлар 2000 сонини шакллантиради.

“Бу банкноталар терминалларга юкланмайди. Бунинг техник жиҳатдан имкони йўқ. Ушбу банкнота ягона тиражда чиқарилади. Сўнгра бошқа босилмайди. Умид қиламанки, бирор юбилей саналарга банкноталар чиқариш анъанага айланади”, деб айтган Қирғизистон марказий банки раҳбари.

Мавзуга оид