Спорт | 09:22 / 17.11.2017
6967
3 дақиқада ўқилади

Моуриньо тақвимни, терма жамоани ва бошқа клубларни танқид қилди

«Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Жозе Моуриньо Англияда ўйинлар ўта тиғиз тақвимда ўтказилишидан яна бир бор норозилик билдирди.

«Мен ҳамиша айтганман, Чемпионлар лигасининг асосий ўйинлари февралда бошланади, Англия клублари эса декабрь ва январдаги ўйинларда дам олмасдан февралда ҳам ўйнашни давом эттиради, биз икки ойда 20 ўйин ўтказишга мажбур бўламиз.

Немислар, французлар, испанлар, итальянлар эса қишки таътилга эга. Шунинг эвазига улар инглиз клубларидан кўра яхшироқ формада бўлишади», – дея Моуриньонинг сўзларини келтирган Mirror.

Шунингдек Моуриньо жамоа ҳимоячиси Фил Жонснинг навбатдаги жароҳатида Англия терма жамоаси мураббийлар штабини айблади.

Унинг айтишича, мураббийлар Жонснинг жароҳати ҳақида аввалдан билишган, аммо барибир ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган ўртоқлик ўйинида асосий таркибдан жой беришган. 

«Албатта, Жонсда муаммолар бор эди ва бу ҳолат сўнгги уч ҳафтадан бери давом этиб келяпти. Шу муаммолар туфайли у «МЮ» сафида ҳам ўйнамаётганди. Фақат «Челси» билан ўйин жуда муҳим бўлгани учун Жонсни майдонга туширишга мажбур бўлгандик. Кейин эса, у терма жамоа ихтиёрига бориб қўшилади-да, жароҳатини оғирлаштириб қайтиб келади.

Англияда баъзи клублар борки, айнан терма жамоалар ўйинидан олдин футболчиларига нимадир бўлади – гоҳ тирноғи оғриб қолади, гоҳо шамоллайди, натижада клубда қолиб, дам оладилар. Шунингдек, жуда содда мураббийларга эга бўлган клублар бор, бизга ўхшаган, футболчи чақирув олдими, демак бориш керак деб ўйлашади. Оқибатни кўриб турибсиз», деган мураббий.

Жозе Моуриньо айнан қайси айёр клублар ҳақида айтгани маълум эмас, аммо кўпроқ «Тоттенҳэм» назарда тутилганини тахмин қилиш мумкин. Зеро, Лондон клуби етакчилари Ҳарри Кейн ва Деле Алли касал бўлиб қолганликлари туфайли, терма жамоанинг сўнгги йиғинига боришмади.

Манчестерликлар бу турда, 18 ноябрь куни ўз майдонида «Ньюкасл»ни қабул қилади.

Мавзуга оид