Жаҳон | 00:34 / 17.11.2017
10667
2 дақиқада ўқилади

Пентагон АҚШнинг Шимолий Корея билан музокаралар бошлаши шартини маълум қилди

Фото:AFP 2017 / John Thys

Пентагон раҳбари Жеймс Мэттиснинг айтишича, Пхеньян ядровий ва ракета дастурларининг синови ва ривожланишини тўхтатсагина, АҚШнинг Шимолий Корея билан музокаралар ўтказиши учун имкон пайдо бўлади. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди. 

15 ноябрда АҚШ президенти Дональд Трамп Жанубий Корея парламентида аксарият қисмини Шимолий Кореяга бағишлаган нутқ сўзлаган. У барча давлатларни Пхеньянни яккалашга, Россия ва Хитойни эса Шимолий Корея билан дипломатик ва сиёсий алоқаларни қисқартиришга чақирган. Трамп Вашингтон Пхеньянга ядро қуролига эга бўлишга ижозат бермаслигини айтган. 

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва бу масалада музокараларни қўллаб-қувватлашини ва ўзаро таҳдидлар ва ҳақоратлар яхшиликка олиб келмаслигини айтган.

Аввалроқ Россия ва Хитой Корея яриморолида вазиятни барқарорлаштириш учун Шимолий Кореяга ядро синовлари ўтказиш ва ракеталар учиришни тўхтатишни, Жанубий Корея ва АҚШга минтақада машғулотлар ўтказишдан тийилишни таклиф қилган. Бироқ Вашингтон бу таклифни инобатга олмаган.

Айни вақтда Жанубий Кореяда Шимолий Корея томондан хавф бўлиши важи остида 28 минг америкалик ҳарбий жойлаштирилган. Пхеньян ўз навбатида АҚШ ҳужум қилишидан хавотирланиб, БМТнинг қатъий санкцияларига қарамасдан, ядро ва ракета салоҳиятини оширишни давом эттирмоқда. 

Мавзуга оид