Жаҳон | 07:16 / 05.12.2017
8582
2 дақиқада ўқилади

Кувайтда Форс кўрфази араб давлатлари саммити ўз ишини бошлайди

Фото: Getty Images

5 декабрда Кувайтда Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашининг (ФКАДҲК) 38-саммити ўз ишини бошлайди. Араб давлатлари етакчилари бирга йиғилишиб, минтақадаги охирги воқеаларни муҳокама қилишади ва албатта бунда Қатар атрофидаги вазиятни ҳал қилиш устувор масала бўлиб қолади. Бу масалани ҳал қилишда Кувайт воситачилик қилмоқда.  

Бу орада саммитнинг расмий кун тартиби ва унинг иштирокчилари тўлиқ таркиби ҳали маълум қилинмаган. Дипломатик манбаларга кўра, 5 декабрда Кувайтга Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Қатар шайхи Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Баҳрайн қироли Ҳамад бин Исо Ол Ҳалифа келадилар. Қатарнинг бойкотини қўллаб-қувватлаётган БААдан кимлар иштирок этиши ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.

Саммитда, шунингдек, Пентагон раҳбари Жеймс Мэттис ҳам иштирок этади. У Кувайтга бир неча кун олдин келиб, мамлакат раҳбарияти билан бир қатор музокаралар ўтказишга улгурган.

ФКАДҲК минтақавий ташкилот бўлиб, унинг таркибига 6 та давлат киради: Баҳрайн, Қатар, Кувайт, БАА, Уммон ва Саудия Арабистони. Ташкилотни ташкил этиш ҳақидаги қарор 1981 йил 4 февралда қабул қилинган.

Ташкилот унга аъзо давлатларнинг барча соҳалар бўйича ҳамкорлигини кенгайтириш, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича умумий позицияларни ишлаб чиқишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.  

Ўтган йилги саммит 2016 йил 6-7 декабрь кунлари Баҳрайнда бўлиб ўтган. Кувайтдаги саммит ҳам 2 кун давом этади.

Мавзуга оид