«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, бу масалалар Ўзбекистоннинг тегишли идоралари ҳамда меҳмонхона вакили иштирокидаги онлайн учрашувда муҳокама қилинган.
Мулоқотда Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчихонаси, Миграция агентлиги ва Касб-ҳунар таълими агентлиги мутахассислари қатнашган. Томонлар касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари талабалари ҳамда битирувчиларини амалиётга қабул қилиш ва кейинчалик меҳмонхонага ишга жойлаштириш истиқболларини кўриб чиққан.
Меҳмонхона вакилининг таъкидлашича, номзодларни танлашда туризм ва техник мутахассисликлар бўйича касбий тайёргарлик ҳамда инглиз тилини билиш даражасига алоҳида эътибор қаратилади. Меҳнат шартномаларини бир йил муддатга тузиш режалаштирилган.
Ҳамкорликни йўлга қўйиш учун томонлар ўзаро англашув меморандумини тайёрлашга келишиб олган. Меҳмонхона бўш иш ўринлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ҳақида маълумот тақдим этади. Шундан сўнг Миграция агентлиги иш изловчиларни дастлабки саралашдан ўтказади.
Учрашув якунида меморандум лойиҳасини тайёрлаш ва келишиш, бўш иш ўринлари рўйхатини аниқлаштириш ҳамда кейинчалик номзодларни танлашни бошлаш вазифалари белгилаб олинган.
Courtyard by Marriott — Marriott International халқаро меҳмонхоналар тармоғи брендларидан бири.

















