Сурхондарё вилоятига уюштирган ижодий сафаримиз давомида Термизда ДСП (русчадан таржима қилинса — древесностружечная плита, ёғоч-пайрахали плита) фанерлари ишлаб чиқарилаётгани, боз устига, хомашё сифатида Амударё соҳилларида қаровсиз, ўз ҳолича ўсиб ётган қамишдан фойдаланилаётгани ҳақидаги хабарни эшитишимиз билан, ушбу корхона билан яқиндан танишиш истагимиз чандон ортди.
2017 йилнинг июль ойидан фаолият кўрсатаётган, 150 га яқин ишчи меҳнат қилаётган «Сурхон КСП Грант» масъулияти чекланган жамиятида (раҳбари Баҳодир Қодиров) корхона эҳтиёжлари учун Амударё бўйларида ўсаётган қамиш пишиб етилгач, куз ойларида мавсумий ишчилар жалб қилинган ҳолда ўриб олинар ва жамғарилар экан.
Бизга тушунтиришларича, қамиш барралигида ўрилса, унинг толалари мустаҳкамлиги кўзланган даражада бўлмас экан. Шу сабабли қамиш сентябрь ойидан декабрь ойларигача ўриб жамғарилади. Айни пайтда Амударё бўйларида табиий равишда ўсаётган қамишларнинг атиги 7–10 фоизидангина фойдаланилмоқда. Қамишнинг ўрилмасдан қолган қисми Афғонистон билан чегара очиқ кўриниб туришлиги учун чегарачилар томонидан ёқиб юборилади, қолганини ўриб олиб келиш саноат корхонасининг эҳтиёжидан ортиқ, бунга етарли ишчи кучи ҳам йўқ.
«Корхонадаги станокларнинг барчаси Хитойда қамиш учун мослаштирилиб, махсус ишлаб чиқарилган. Барча жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилган. Хитойдаги ҳамкорлар ҳам келиб, бу ерда иш қандай ташкил этилганини кўриб, қолаверса, Музработ туманида Амударё соҳилларида поёнсиз қамишзорларни томоша қилиб, бу ишга жуда қизиқиб қолишди. Чунки хомашё текин — ўзи ўсиб ётибди. Фанер ясаш учун зарур бўладиган елим ҳам «Навоийазот» корхонасида ишлаб чиқарилади. Бу саноатни 100 фоиз маҳаллийлаштириш дегани», — дейди вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Рустам Пардаев.
Хитойлик ҳамкорлар «янги завод учун фақат ер ажратиб, биносини қуриб берсаларинг бу заводдан олти баробар каттароғини барпо этамиз», деб кетишган. Улар бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнини ўз кўзлари билан кўриб, лол қолишган. Чунки шу пайтгача улар терак, ғўзапоя ва бошқа дарахтлардан фанер ишлаб чиқариш учун станокка буюртма олишган, бироқ қамишдан фанер ишлаб чиқарилаётганини улар ҳам биринчи бор учратиши экан.

















