Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ инспектори пора олиш жиноятида айбланиб, озодликдан маҳрум қилинди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳукмига кўра, Ф.И. ИИБ тизимида 2006 йилдан ишлаган. 2014 йил июлда пора олиш жиноятига айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2022 йил 18 июлдаги ҳукми билан 2014 йилдаги суд ҳукми бекор қилинган ва оқланган. Шундан сўнг ИИБ тизимига ишга тикланган ҳамда 2023 йил майидан Сурхондарё вилоят ИИБ ЙҲХБ катта инспектори лавозимида ишлаб келган.
Ф.И. Бойсун туманидаги мунтазам ЙПХ масканида хизмат олиб борган. У Қумқўрғон туманидаги ишлаб чиқариш кооперативидан Қарши шаҳридаги МЧЖга пахта ортиб кетаётган юк машиналарни маскандан ўтказмасдан, тўхтатиб қўйган. Фермер хўжалик раҳбарларига эса гўёки “Сурхондарё вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг пахта толаси вилоят ҳудудидан чиқиб кетмаслиги ҳақида буруғи борлигини” айтган.
Ходим ҳар бирига 100 минг сўмдан пул берилса, юк машиналарни ЙПХ масканидан тўсиқларсиз ўтказиб юборишини, акс ҳолда уларни ортга қайтаришини билдирган. У ЙПХ масканидан ўтказилган пахта ортилган юк машиналари ҳисобидан 2026 йил 20 февралда 1,4 млн сўм, 28 февралда 1,5 млн сўмни қўлга киритган. Шунингдек, 41 та машина учун 4,1 млн сўм беришни талаб қилган.
2 март куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Ф.И. талаб қилган 4,1 млн сўмдан 4 млн сўмини олган вақтида ушланган.
Ф.И. қилган ишидан пушаймонлигини, қарамоғида 5 нафар фарзанди борлигини, оиласида ёлғиз боқувчи эканини билдириб, суддан енгиллик сўраган.
ЖИБ Бойсун туман судининг ҳукми билан Ф.И. Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “в” бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 2 йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Апелляция суди дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.

















