ДХХ хабарига кўра, тадбир Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.
Тошкент вилоятидан ҳаракатланиб келган автомобилни Денов туманида яшовчи, 1977 йилда туғилган шахс бошқарган. Машина туман ҳудудида тўхтатилиб, текширилганда юкхонадаги газбаллони ичига 43 та ўрамда опий яширилгани маълум бўлган.
Тезкор тадбир давомида ушбу гиёҳвандлик воситасини олиб кетиш учун келган, 1960 ва 1983 йилларда туғилган икки фуқаро қўлга олинган. Улар Денов ва Сариосиё туманларида яшайди. Расмий хабарда иккаласи ҳам аввал гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноят учун судлангани қайд этилган.
Кейинги босқичда Сариосиё туманида яшовчи, 1978 йилда туғилган шахс ҳам ушланган. ДХХ уни қўшни давлатдан олиб келинган гиёҳвандлик воситасининг буюртмачиси сифатида кўрсатган. У ҳам муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноят учун судланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.















