Бугун «Вестник Мордовии» нашри Украина Донбассга «бомбалар ёмғири» ёғдиришга ҳозирланаётгани тўғрисида хабар тарқатди. Хабарда айтилишича, украиналик ҳарбийлар 600тага яқин артиллерия қуролларини жанговар ҳолатга келтиришган.
19 декабрь куни Донбассда сулҳга эришиш бўйича назорат ва кординация қўшма маркази (СЦКК) таркибидаги россиялик зобитлар унинг таркибидан чиқди. ОАВ хабарига кўра, россиялик ҳарбийлар можаро ҳудудини тарк этишган.
Украиналик ҳарбийлар ҳам марказдан чиқиши айтилмоқда.
Украина қуролли кучлари маълумотига кўра эса, украиналик ҳарбийлар айирмачилар назоратидаги ҳудуддан кетишган, лекин марказ таркибида фаолиятини давом эттирмоқда.
Донбасс бўйича музокаралар жараёни иштирокчилари ва сиёсий таҳлилчиларнинг фикрича, Россиянинг кетиши СЦКК мавжудлигига барҳам беради.
Бу эса келгусида ҳарбий асирларни алмашиш жараёнини қийинлаштириб, ҳудудда жанговар ҳаракатлар янгидан авж олишига олиб келиши мумкин.
Оператив коммуникация

Қўшма марказ - кейинги вақтларда россиялик ва украиналик ҳарбийларни ўз ичига олган ҳолда фаолият олиб борган орган. Унинг таркибига икки томондан 75 нафардан ҳарбий кирган.
Марказда айирмачи кучларнинг расмий вакили бўлмаган, аммо «Луганск халқ республикаси» ва «Донецк халқ республикаси» бу ерга норасмий вакилларини «тайинлаб туришган».
Россияликлар ҳам, украиналиклар ҳам фронтнинг икки чизиғида томонлар сулҳга қай даражада амал қилишини кузатиб боришган.
«Бу оператив коммуникация эди», дея баҳолайди Украина ҳарбий ҳаво кучлари ҳарбий эксперти Михаил Жирохов.
Унинг изоҳлашича, СЦКК таркибидаги россиялик офицерлар «ЛХР» ва «ДХР» қуролли бўлинмалари қўмондонлари билан тўғридан-тўғри алоқаларга эга бўлган, украиналик ҳарбийлар эса Украина Маъмурий-ҳудудий тузилма (АТО) секторлари раҳбарлари билан боғлана олади.






















