Украина, АҚШ ва Россия ўртасида 10–11 ноябр кунлари Абу-Дабида ўтказилган музокаралар якунланди. Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский Россия ва Украина асирлар алмашинуви борасида келишиб олганини, учрашувдаги марказий мавзу эса Европа хавфсизлик тизими бўлгани, бу масалада «айрим нуқталарда ўзаро тил топиша олишгани, баъзи нуқталарда эса бундай бўлмагани»ни айтган. Қолган мавзуларда эса кутилган ютуқларга эришилмаган. Ҳудудий масала асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда, америкалик музокарачилар фикрича, ҳамон томонлар ўртасида ўзаро ишонч йўқ. Шу билан бирга, Украинадагилар Россия билан «янги йилга қадар» келишиб олиш мумкинлигини истисно қилишмаяпти.

Ҳудудий масала

Ҳудудлар масаласи музокараларнинг иккинчи кунидаги асосий мавзу бўлиши керак эди, аммо у ҳамон «асосий тўсиқ» бўлиб қолмоқда, деди Америка томони вакили Жаред Кушнер. Мединский эса «Россия ҳар қарич ерини қайтариб олиши»ни таъкидлади.

Украина ва Россия хавфсизлиги кафолатлари

Кушнернинг сўзларига кўра, Украина учун хавфсизлик кафолатлари масаласида «сезиларли ўсиш бор». Украина делегацияси раҳбари Рустем Умеров ҳам хавфсизлик масаласи бўйича «улкан прогресс» ҳақида гапирган, аммо тафсилотларни келтирмаган. Украинадаги манбаларга кўра, музокараларнинг биринчи куниёқ Россиянинг хавфсизлик кафолатлари бўйича талаблари алоҳида муҳокама қилинган, аммо томонлар қандай келишувга эришгани – номаълум.

Европа хавфсизлик тизими

Мединскийнинг сўзларига кўра, музокараларда Европа хавфсизлик тизими мавзуси марказий ўринни эгаллаган ва баъзи масалалар бўйича «ўзаро тил топишишган». Аммо, Мединскийнинг фикрича, «моҳиятан бутун организм касалланган», Украинада эса «шунчаки йиринглаб кетган», ва «бу ерда пластир қўйиш билан иш битмайди». Шу билан бирга, Россия делегацияси Абу-Дабида европаликлар билан мулоқот қилмаган ва Россия улар бу ерда қандай мақомда эканини тушунмаган.

Асирлар алмашинуви

Мединскийнинг сўзларига кўра, Россия ва Украина «янги кенг кўламли асирлар алмашинуви бўйича принципиал келишувга эришди». Алмашувнинг аниқ параметрлари «яқин вақтлар ичида» эълон қилинади. Украина делегацияси аъзоси Давид Арахамиянинг айтишича, бу сафарги алмашув «энг йирик алмашув бўлиши мумкин».