Жаҳон | 08:52 / 22.12.2017
19586
2 дақиқада ўқилади

АҚШ махсус хизматлари раҳбарлари ўта махфий дастур ҳақида баёнот беришди 

Фото: Reuters

Америкадаги муҳим махсус хизматлар раҳбарлари ва АҚШ адлия вазири Жефф Сешнс пайшанба куни Конгрессни бошқа давлатлар аҳолиси коммуникацияларини эшитиш ва кузатиб бориш бўйича дастур муддатини узайтиришга чақирди. Тегишли мурожаатга Миллий разведка директори Дэниел Коутс, Марказий разведка бошқармаси раҳбари Майкл Помпео, Федерал тергов бюроси директори Кристофер Рей ва Миллий хавфсизлик агентлиги директори, адмирал Майкл Рожерс имзо чеккан.

Гап 1978 йилда қабул қилинган 702-секция ҳақида кетмоқда. У Хорижий разведкани кузатиш тўғрисидаги қонундир. 2008 йилда қабул қилинган тузатиш эса бошқа мамлакатлар аҳолисининг турли электрон коммуникацияларини тинглаш ва кузатиб бориш ҳуқуқини беради. Бундай дастурлар борлиги ҳақида Миллий хавфсизлик агентлиги таҳлилчиси Эдвард Сноуден томонидан 2013 йилда тақдим этилган маълумотлардан маълум бўлди.

"702-секция муддатининг узайтирилиши мамлакат хавфсизлиги учун жуда муҳим. Агарда Конгресс бу борада ҳеч қандай ҳаракатни амалга оширмаса, халқаро террорчилар ва хориждаги бошқа рақиблар ҳақида ўта муҳим маълумотни тўплаш тўхтатилади", - дейилади мурожаатда. Тегишли баёнот миллий разведка директори аппарати сайтида эълон қилинди. Куч маҳкамалари раҳбарларининг иддао этишича, дастур тўхтатиладиган бўлса, террорчилар, ҳакерлар ва бошқа жиноятчилар АҚШга ҳужумларни режалаштириши, бунда эса уларни ҳеч ким фош эта олмаслиги мумкин.

"702-секция мамлакатга ҳужумларнинг олдини олиш ва террорчиларни йўқ қилишда жуда муҳим роль ўйнайди", - дея таъкидланади матнда. Шу билан бирга, унинг муаллифларининг ишонтиришича, маълумотларни тўплаш “шахсий ҳаёт ва фуқаролик эркинликларига бўлган ҳуқуққа” тўла риоя этилган ҳолда олиб борилади. Ҳозирча дастур 2018 йилнинг апрелига қадар амалга оширилиши мумкин, бироқ агарда бу муддатга қадар узайтирилмаса, разведка ҳамжамияти уни аста-секин ёпишига тўғри келади.

Мавзуга оид