Жаҳон | 10:30 / 25.12.2017
8409
1 дақиқада ўқилади

АҚШда терактларда айбланаётган шахс маҳбуслар орасида терроризмни тарғиб қилган

Фото: Daily Mail

2016 йилнинг сентябрида Нью-Йорк ва Нью-Жерсида терактлар амалга оширганликда айбланаётган Аҳмад Раҳимий қамоқхонада ўзи билан бирга бўлган маҳбуслар орасида терроризм тарғиботини олиб борган.

Бу ҳақда CNN телеканали прокуратурага таянган ҳолда хабар қилмоқда.

Таъкидланишича, у террорчилик тарғиботига эга материаллар, жумладан «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳи раҳбари Осама бин Лодиннинг чиқишлари ҳамда бомбаларни тайёрлаш бўйича қўлланмалар нусхаларини тарқатиб келган.

«Раҳимий Метрополитан ахлоқ тузатиш марказидаги маҳбусларни радикаллаштиришга ҳаракат қилган, жумладан бунга террорчилик ташкилотлари материалларини тарқатиш йўли билан эришмоқчи бўлган», - дея маълум қилди прокурор. 

Телекомпания маълумотларига кўра, террорчилик материалларига эга дисклар икки нафар маҳбусдан топилган.

Мавзуга оид