Англия премьер-лигасининг тенг ярми ортда қолди. Аслида буни биринчи давра якуни дейишимиз тўғрироқ бўларди, аммо 19 тур ортда қолган бўлсада, жамоаларнинг барчаси ўзаро бир-бири билан ўйнашга улгурмасдан. Иккинчи даврада бўлиши (3-турдаги ўйинларнинг жавоб учрашувлари ўтказилди) лозим бўлган турни 19-турга қўйиб юборишди. 

Албатта бу янгилик эмас. Англияда «Боксинг дэй» бошланадиган ҳафта олдидан мунтазам равишда зич тақвимда жамоаларнинг нисбатан яқинроқ ҳудудларда ўйин ўтказишини таъминлаш мақсадида АПЛ биринчи давранинг сўнгги турини 20-турга суриб қўя қолади. Тақвимдаги турларнинг қайта (шартли равишда жавоб учрашуви деб олдик, юқорида) ўйинлари тартибининг аралашиб кетиши ҳам шундан аслида.

Хуллас тушунтиришимиз чўзилиб кетгани учун узр сўраган ҳолда АПЛнинг рождество олди энг сўнгги тури ҳақида батафсил тўхталамиз.

ГВАРДИОЛА ПРЕМЬЕР-ЛИГАНИ ЎЗГАРТИРМОҚДА
Кўпинча, Испания ёки Германиядаги гегемонликлар ҳақида гап кетганида, Премьер-Лигасининг ўзига хослиги, курашларга бой, қийин лига экани ҳақида кўп айтиларди. «Барселона» ёки «Бавария» Англияда ҳам мана шундай гегемонлик қила олишармиди, қабилидаги саволлар кўпинча очиқ қоларди. Аммо, Пеп Гвардиола, бу саволга жавоб топгандек бўлди, яъни топ жамоалари билан мақтанадиган Англияда ҳам ҳатто, мана шундай рекордларни забт эса бўларкан. «Борнмут»ни 4:0 ҳисобига енгиб, қаторасига 17, мавсумдаги 18, йирик ҳисобдаги 8-ғалабасини нишонлаган «шаҳарлик»лар яна бир қанча тарихий кўрсаткичларни чилпарчин қилишмоқда.

- Бу мавсумгача, ҳеч қайси жамоа қаторасига 17 ғалабага эришмаганди. Энг яхши кўрсаткич, «Арсенал»да бўлган – Венгер жамоаси 2002 йилнинг февраль-август ойларида қаторасига 14 ғалабага эришишганди. 

- «Манчестер Сити» АПЛ ташкил бўлганидан буён бир календарь йилида 100 дан ортиқ гол урган илк жамоадир. 101 гол урган «Сити» олдида яна икки учрашув турибди. Инглиз жамоалари ичида, сўнгги бор юздан ортиқ голни 1982 йилда «Ливерпуль» урганди.

- 2017 йилда «Манчестер Сити» бирор марта ҳам ўз майдонида мағлубиятга учрамади – 21 ғалаба ва беш дуранг.

- Гвардиола ушбу мавсумда Топ-6 даги барча жамоалар устидан ғалаба қозонди. Умумий ҳисоб – 15:3. «Ливерпуль» ва «Тоттенҳэм» жамоалари йирик ҳисобда мағлуб этилди.

- Ҳеч қачон «Боксинг Дэй» олдидан биринчи ва иккинчи ўринлар орасидаги фарқ 13 очкога етмаганди. «Манчестер Юнайтед» (13) ва «Челси» (16) дан ташқари, «Сити» барча жамоаларни 20 ва ундан ортиқ очкога ортда қолдирмоқда.