Энди «Сити» очколардан маҳрум бўлиши, бир нечта трансфер ойнаси вақтида тақиққа учраши ва энг ёмон ҳолатда Англия юқори дивизионидан бадарға қилиниши мумкин. Бир вақтлар «Ювентус» билан бўлгани каби. Ишонинг, ҳозирги «Сити»нинг аҳволи Калчаполи давридаги «Юве»никидан яхши эмас. Қуйида «Сити» нималарда айбланаётганига тўхталамиз.

1 миллиард евролик ёлғон

Футбол азалдан миллиардлар ўйини, энг томошабоп спорт бўлиш баробарида улкан бизнес, катта пул манбаи ва ажойиб пиар воситаси бўлиб келган. Ўтган декадада айниқса бой инсонлар футбол орқали тилга тушишни одат қилиб, бу ажойиб ўйиндан ўзини яхши қилиб кўрсатадиган «юмшоқ куч» сифатида фойдалана бошлади. Бизда ҳам вилоят ҳокимлари маҳаллий клубга бюджетдан ақл бовар қилмас катта пулларни бериб, халқ орасида обрўсини ошириб олиш ҳолатлари кўп учраган, бунга ўнлаб мисол келтириш мумкин.

Европаликлар учун осиёлик бойваччалар қитъанинг катта клубларига олди-орқасига қарамай пул сочиб, рақобатда бошқалардан устун бўлиб кетиши жиддий муаммо сифатида кўринди ва УЕФА молиявий фейр-плей деган қоидани ўйлаб топди. Яъни клубларга пул тикиш чекланмайди, фақат даромад харажатдан кўпроқ бўлиши керак. Ажойиб қоида, сих ҳам куймайди, кабоб ҳам.

Лекин осиёлик бойваччалар ҳам анойи эмас, молиявий чекловларни енгиб ўтишда осиёликларга етадигани йўқ ахир! Масалан, энг зўр футболчилар 80-90 миллион евро бўлиб турганда, бозорни тўзитиб, Неймарни 222 миллион еврога сотиб олишади. Неймарга катта маош таклиф қилишгани учун ярмини клубдан, қолганини «Қатар туризм элчиси бўлгани учун» беришади. Роберто Манчини «Сити»даги маошидан ҳам кўпроқ пулни гўёки БААнинг «Ал Жазира» клубида «маслаҳатчи бўлгани учун» олади.

Жуда таниш схема, шундай эмасми? Лекин Европа учун бу қабул қилиб бўлмас фирибгарлик, демократия анъаналарига зид ғирромлик. ПСЖ ва «Ман Сити» мисолида мухлислар молиявий фейр-плей бузилаётганини ҳеч қандай суриштирувсиз кўриб туришар, араб бойваччалар эса европалик қонун ҳимоячиларига мазах қилгандек кулиб қўяверишарди.

Лекин улар «емоқнинг қусмоғи борлигини» унутишди. Мана, ўша кун келди. Футболда пул рақобатга путур етказмаслиги керак деган қоида ишлади. Энди «Сити» 9 йил ичидаги барча совринлардан маҳрум қилиниши мумкин. Агар араблар шу можародан ҳам чиқиб кетмаса. Ахир коррупцияга мойил, шуурида жиноий пуллар орзуси яшовчи одамлар ичида «пул ҳал қилолмаган нарсаларни катта пул ҳал қилади» деган жиноий ибора бекорга тарқалмаган.

«Манчестер Сити» 2009 йилдан 2018 йилгача бўлган давр мобайнида даромадини камига 1 миллиард еврога ошириб кўрсатган. Бу клуб худди мана шу суммада лимитдан ортиқ футболчи трансфер қилиш ҳуқуқига эга бўлган дегани.