«Манчестер Сити» Англия Премьер-лигасининг (АПЛ) молиявий қоидаларини бузганликда айбдор деб топилди. Бу ҳақда The Athletic (The New York Times спорт бўлими) хабар берди.
Клуб 115 та айблов пунктидан 114 таси бўйича айбдор деб топилди, деб хабар берди нашрга анонимлик шарти билан манбалар (чунки улар оммавий баёнот бериш ваколатига эга эмас эди).
Таъкидланишича, жазо чоралари ҳали аниқланмаган — барча вариантлар кўриб чиқилмоқда ва «Манчестер Сити» апелляция бериши кутилмоқда.
«Жараён давом этмоқда, муҳим босқичлар якунланиши керак, ишнинг бориши эса қатъий махфийлигича қолмоқда. Шу муносабат билан «Манчестер Сити»нинг позицияси ўзгаришсиз қолмоқда ва клубнинг 2023 йил феврал ойидаги баёнотига мос келади. Клуб саккиз йил давомида АПЛ раҳбарияти ва ижро органлари мустақил, холис ва адолатли, нохолис таъсирдан холи регулятор сифатида фаолият юритишига ишониб, белгиланган тартиб-қоидаларга виждонан риоя қилди», — деди «Манчестер Сити» вакили.
АПЛ 2023 йил бошида 2018 йилда бошланган тергов натижасида, клуб 2008 йилда City Football Group томонидан сотиб олинганидан кейин юздан ортиқ қоидабузарликларни аниқлаганини маълум қилди. Лиганинг даъволари ноаниқ молиявий маълумотларни тақдим этиш, тергов билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиш, 2009–2013 йилларда жамоани Роберто Манчини бошқарган вақтда мураббийларнинг маошини тўлиқ ошкор қилмаслик ҳамда 2013–2018 йилларда fair play қоидалари ва молиявий барқарорликка риоя қилмаслик билан боғлиқ. «Манчестер Сити» барча айбловларни рад этиб келган.
2024 йил август ойида New York Times «Манчестер Сити» 70–80 очкодан маҳрум бўлиши мумкинлиги, бу эса Премьер-Лигадан қуйи лигага тушиб кетишни кафолатлаши ҳақида ёзган эди.

















