Технология | 09:31 / 30.12.2017
4777
2 дақиқада ўқилади

3D-принтерда босилган авиадвигатель синовдан муваффақиятли ўтказилди

General Electric компаниясининг бўлинмаси ҳисобланувчи GE Aviation компанияси Cessna туридаги енгил самолётлар учун мўлжалланган, 30 фоиз қисми 3D-принтерда босилган турбовинтли двигателни синовдан муваффақиятли ўтказди. Авиадвигателнинг яратилишида АҚШ, Италия, Польша ва Чехиядан 400 га яқин муҳандис ва дизайнерлар иштирок этишди.   

Маълум қилинишича, 3D-босма двигателнинг 855 та алоҳида деталлари ўрнига бор-йўғи 12 та алоҳида яхлит блокни олишга имкон берди.  

Advanced Turboprop (АТР) деб номланган бу двигатель ўз туридаги анъанавий авиадвигателлардан 45 кг га енгилроқ чиққан. Ушбу двигателларни Cessna Denali каби кичик ўлчамли самолётларга ўрнатиш кўзда тутилган.

Замонавий 3D-принтерлар нафақат пластик билан, балки металл ва керамика каби материаллар билан босишга имкон беради. Янги двигатель ҳам титан қотишмаси ёрдамида босилган.

Авиадвигателни тезроқ яратиш учун компания бир вақтнинг ўзида бир нечта илғор технологияни қўллади, бунинг эвазига ақлбовар қилмас натижаларга эришишга муваффақ бўлинди. Мутахассислар деталлар сонини 70 мартага (855 тадан 12 тагача), двигатель оғирлигини 45 фоизга камайтиришга ва бунинг эвазига қувватини 10 фоизга оширишга ҳамда ёқилғи сарфини 20 фоизга камайтиришга, двигатель ишлаб чиқилиши вақтини 5 мартага – 10 йилдан 2 йилгача камайтиришга муваффақ бўлишди. Лойиҳа раҳбари Пол Коркерининг айтишича, бу ҳодиса GE Aviation фаолиятидаги бурилувчи он бўлади. У 3 йилдан кейин самолётлар камида 75 фоизга 3D-принтерда босилган қисмлардан иборат бўлишига ишончи комиллигини айтди.

Компания двигателларни оммавий ишлаб чиқаришдан олдин 10 та синов прототипини яратишни режалаштирмоқда. Бундай двигателли самолётнинг илк парвози 2018 йилда амалга ошиши мумкин. 

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид