Жаҳон | 10:06 / 22.01.2018
19327
2 дақиқада ўқилади

Беларусь Назарбоевнинг Украина бўйича ташаббусини кескин танқид қилди 

Фото: Reuters

Беларусь ташқи ишлар вазири Владимир Макей Қозоғистон етакчисининг аввал Минскда ўтказилган Украина бўйича тинч музокараларни Остонага кўчириш ҳақидаги таклифи устидан кулди ва уни танқид остига олди. Макейнинг ўз баёнотида айтишича, музокараларни янги жойга ўтказиш ҳеч нарсани ўзгартирмайди.

«Украина бўйича музокаралар муваффақиятли якун топишига ишонсангиз, уни ҳаттоки Антарктидага ҳам кўчириш мумкин», - дея айтиб ўтди Макей. Унинг маълум қилишича, Беларусь, бошқалардан фарқли равишда, «ўзини тинчликпарвар сифатида кўрсатишга шошилмайди».

Кремль баёнотида эса айтилишича, 2015 йилда эришилган Минск келишувларига риоя қилиш, Украинадаги можарога ечим топиш бўйича музокаралар жойидан кўра муҳимроқдир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев АҚШ раҳбари Дональд Трамп Донбассдаги можарога ечим топиш бўйича музокараларни Минскдан бошқа шаҳарга кўчиришни таклиф қилгани ҳақида маълум қилганди. Назарбоев Нью-Йоркда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг йиғилиши якунлари бўйича матбуот анжуманида шундай баёнот билан чиқди. «Биз «Минск-1» тўхтаб қолгани, боши берк кўчага кириб қолгани, «Минск-2» кераклиги ҳақида гаплашдик. У шундай деди: «Келинг, бошқа жойга кўчирамиз». Мен эса: «Майли» дедим», - дея айтиб ўтди Қозоғистон раҳбари.

Мавзуга оид