18:20 / 07.02.2018
9559

Туризм соҳасидаги имтиёзлар бўйича ҳудудий чеклов бекор қилинди

Фото: KUN.UZ

Тегишли ўзгартиришлар Президентнинг 11.04.2015 йилдаги «Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–3594-сон Фармонига киритилди. Ўзгартиришлар Президентнинг 3.02.2018 йилдаги ПФ–5326-сон Фармони билан киритилмоқда, деб ёзади Norma.uz. 

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этадиган ҳамда меҳмонхона ва туризм хизматларини кўрсатишга ихтисослаштирилган корхоналар юридик шахсларнинг фойдасидан олинадиган солиқ, мулк солиғи, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва ободонлаштириш солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар учун белгиланган ЯСТни тўлашдан, шунингдек Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинади. 

Мазкур имтиёзларнинг амал қилиш муддати тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларнинг ҳажмига боғлиқ бўлади:   

• 300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача - 3 йил;
• 3 миллиондан ортиқ АҚШ долларидан 10 миллион АҚШ долларигача - 5 йил;
• 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда - 7 йил.

Мазкур имтиёзларни тематик хиёбонларни ташкил қилиш билан шуғулланувчи субъектлар ҳам қўллашлари мумкин бўлди. Уларга турли ёшдаги ташриф буюрувчиларнинг эҳтиёжини қондиришга қаратилган хизматларни кўрсатувчи битта ёки бир нечта мавзу бўйича ташкил қилинган кўнгилочар хиёбон ва хиёбонлар ансамбли киради.

Бундан ташқари, имтиёзни қўллаш шартларидан бири – корхоналарни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан ташқари республиканинг барча шаҳарлари ва аҳоли яшаш жойларида жойлаштириш. Ушбу шарт туризм соҳасида фаолият кўрсатувчи корхоналарга бундан буён татбиқ этилмайди. Шу тариқа, пойтахт ва пойтахт вилоятида жойлашган туризм соҳаси субъектлари ҳам имтиёзни қўллашлари мумкин.

Ҳужжат 6.02.2018 йилдан кучга кирди. 

Top