Ҳукуматнинг 2026 йил 5 ноябрдаги 609-сон қарори билан «Сув омборлари ва уларга туташ ҳудудлардаги бўш турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларида туризм хизматларини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Ҳужжат сув омборлари ва улар атрофидаги бўш ерларда туризм хизматларини йўлга қўйиш, туристик ҳамда дам олиш объектларини жойлаштириш тартибини белгилайди.

Низомга кўра, бундай ҳудудларда туризм хизматларини ташкил этиш учун бир қатор мажбурий талабларга риоя қилиш лозим.

Хусусан, қутқарув хизмати ташкил этилиши ёки профессионал қутқарув тузилмалари билан шартнома асосида навбатчилик йўлга қўйилиши шарт.

Шунингдек, кичик ҳажмли кемалар ва уларнинг турар жойларидан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига амал қилиниши, маиший чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан шартномалар тузилиши талаб этилади.

Туризм объектларида замонавий рақамли хизматлар ҳам жорий қилинади. Жумладан, рақамли хариталар, онлайн брон қилиш тизимлари, QR-кодли навигация воситалари ва бошқа рақамли инфратузилмадан фойдаланиш назарда тутилган.

Объектларни жойлаштиришда сувни муҳофаза қилиш ва санитария муҳофазаси зоналари, шунингдек, сел ва кўчки хавфи юқори бўлган ҳудудлар ҳисобга олинади.

Туризм хизматларини ташкил этиш учун ер участкалари қонунчиликда белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ажратилади.