Бу чоралар президентнинг 2026 йил 27 октябрдаги «Сув омборлари ва уларга туташ ҳудудлардан фойдаланишни тартибга солиш ҳамда хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–387-сон қарорида назарда тутилган.

Қарорга кўра, сувда фойдаланишга мўлжалланган GPS қурилмалари, қутқарув ва хавфсизлик анжомлари ҳамда замонавий санитария-гигиена шохобчаларини Ўзбекистонга олиб киришда божхона тўловларини 120 кунга кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади.

Қутқарув хизмати ташкил этилиши шарт

Имтиёзлар билан бирга, сув омборлари ва уларга туташ ҳудудлардаги туризм объектларида ишловчи тадбиркорлар учун хавфсизлик ва экологик талаблар ҳам белгиланган.

Хусусан, объектлар ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлаш, соғлиғини муҳофаза қилиш ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш учун зарур воситалар билан жиҳозланиши керак.

Тадбиркорлар қутқарув хизматини ташкил этиши ёки профессионал қутқарув тузилмалари билан шартнома тузиб, навбатчилик хизматини йўлга қўйиши шарт. Кичик ҳажмли кемалар ва улар турадиган иншоотлардан хавфсиз фойдаланиш талабларига ҳам риоя қилиниши зарур.

Оқова сув ва чиқиндилар бўйича талаблар

Туризм объектлари сувни муҳофаза қилиш зоналари ва соҳилбўйи минтақалари учун белгиланган талабларга амал қилиши керак.

Оқова сувларнинг сув объектларига ташланишига йўл қўймаслик учун ички канализация тармоқлари ҳамда маҳаллий оқова сув тозалаш иншоотлари бўлиши мажбурий этиб белгиланган.

Шунингдек, туризм объектларида ҳосил бўладиган маиший чиқиндилар белгиланган тартибда утилизация қилиниши шарт.