Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Флоридадаги отишмадан кейин махсус мурожаат билан чиқди
АҚШ президенти Дональд Трамп Флориданинг Паркленд шаҳридаги мактабда содир этилган отишмадан кейин махсус мурожаат билан чиқди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.
14 февраль кундузи Marjory Stoneman Douglas High School мактабида отишма содир этилган. Отишма оқибатида камида 17 киши ҳалок бўлган, 14 киши жароҳат олган. Полициянинг маълум қилишича, отишмани аввал шу мактабда ўқиган, 1999 йилда туғилган 19 ёшли Николас Круз содир этган.
Трамп ўз мурожаатида ҳужум қурбонлари ва штат раҳбарияти билан учрашмоқчилигини айтган. У, шунингдек, бирорта бола ёки ўқитувчи АҚШ мактабида ўзини хавф остида деб ҳис қилмаслиги кераклигини айтган. Шу муносабат билан Трамп маъмурияти мактаблардаги хавфсизликни ошириш ва руҳий касалликлар профилактикаси устида иш олиб боради.
“Биз давлатимизда ҳаёт қадрига ҳурматни назарда тутувчи маданиятни шакллантириш учун бирга ишлашимиз лозим. Бу маданият одамлар ўртасида чуқур ва муҳим алоқаларни яратишга кўмак беради”, деб айтган Трамп Оқ уйдаги мурожаатида.
Маълум қилинишича, ФҚБ агентлари гумонланувчи интернетда ҳужум содир этишдан 5 ой аввал таҳдидлар билдирган видеороликни жойлаштирганидан хабардор бўлганлар. Ўсмир видеороликда “мактабда мерган бўлишини” таъкидлаган.