Исроилнинг Ynet нашри манбаларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу телефон орқали мулоқот чоғида Эронга нисбатан келгуси қадамларни муҳокама қилар экан, ўзаро қаттиқ тортишиб қолган.
Суҳбат ўтган дам олиш кунлари (7–8 ноябрь) АҚШ ва Исроил ўртасида Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш бўйича келишмовчиликлар авж олган паллада бўлиб ўтди. Ynet суҳбатдошлари Трамп ва Нетаняҳунинг мулоқотини «оғир ва таранг» деб баҳолади. Манбалардан бири уни «баланд овозларда кечган даҳанаки жанг» деб атади.
Нетаняҳу маҳкамаси бу маълумотни рад этмоқда. «Бу — фейк хабар, мутлақо сафсата», — дейилади баёнотда. Исроиллик юқори мартабали мулозим эса суҳбат бўлиб ўтганини тасдиқлади, бироқ у «ҳеч қандай оғир ўтмаганини» билдирди.
Financial Times манбасига кўра, Нетаняҳу Трампга ҳар куни қўнғироқ қилиб, урушни қайта бошлашга ундамоқда, АҚШ президенти эса вазиятни музокаралар йўли билан ҳал этишга уринмоқда.
Трамп ва Нетаняҳу ўртасидаги мулоқотларда аввал ҳам тўқнашувлар юз берган. Хусусан, 2026 йил июнь ойи охирида АҚШ президенти Ливандаги можаро авж олгани сабабли Исроил бош вазирини кескин танқид қилган эди. Ўша суҳбат чоғида Трамп Нетаняҳуни «ақлдан озган» деган: «Агар мен бўлмаганимда, ҳозир панжара ортида ўтирган бўлардинг. Мен сени қутқариб қоляпман. Ҳозир эса ҳамма сендан нафратланяпти. Шу сабабли бутун дунё Исроилни ёмон кўриб қолди». Axios маълумотларига кўра, Трамп ўшанда «ғазаб отига минган» ва бир пайт Нетаняҳуга бақириб: «Нималар қилиб қўйяпсан ўзи?!» — деган.
Америка матбуоти сўнгги ҳафталарда АҚШ Эронга яна янги зарбалар бериши мумкинлиги ҳақида ёзаётган эди. Axios нашрининг хабар беришича, Нетаняҳу Трамп билан суҳбатда 3 ноябрь куни бўлиб ўтган Конгрессга оралиқ сайловлардан сўнг дарҳол Эронга зарба беришни талаб қилган.
The New York Times ахборотига кўра, Исроил Эрон ўз рақибларига қарши кимёвий қурол қўллаши мумкинлиги ҳақидаги разведка маълумотларини АҚШга етказган. Оқ уй вакилларининг бир қисми Нетаняҳу ҳукумати шу йўл билан Трамп маъмуриятини Эронга бериладиган зарбаларни қайта бошлашга кўндиришга уринмоқда, деб ҳисоблайди.













