Спорт | 13:23 / 26.02.2018
25158
3 дақиқада ўқилади

«Навбаҳор»нинг янги логотипи кўчирмачилик маҳсули экани маълум бўлди

25 февраль куни Ўзбекистон миллий чемпионати Суперлигаси ўйинлари олдидан, «Навбаҳор» клубининг янги логотипи ва янги футболчилари тақдимот маросими ўтказилди.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят футбол ассоциацияси раиси ўринбосари Олимжон Исаев, клуб футболчилари, клуб мухлисларидан ташкил топган фан-клуб аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

«Навбаҳор» клубининг янги логотипида лочин сурати акс этган, у қизил ва оқ ранглардан иборат. Таъкидланишича, формаларда тасвирланган қизил ранг футболчилар томирида оқиб турган жўшқин қон, оқ ранг эса поклик ва ёруғлик, эзгулик рамзини билдирар экан.

«Навбаҳор» логотипи тақдимотида олинган фотосурат

Жамоанинг янги логотипида акс этган лочин ўткир кўзи, доимо баланд марраларни кўзловчи, нишонни аниқ олиб, мақсад сари олға интилувчи ақлли, тез учадиган қуш эканини таъкидланган. 

Гап йўқ, «Навбаҳор» клубига ўз олдига қўйилган мақсадларга эришишида муваффақият тилаймиз.

«Навбаҳор» қайси тамойилларга асосан ва қандай қилиб бу логотипни танлаганини, унга ким «ясаб» берганини билмаймиз. Бироқ, интернет тармоғи орқали изланиш давомида, бу логотип Американинг «Эйр Форс Фэлкон» клуби логотипига шубҳали тарзда жуда ўхшаш эканини осонликча аниқладик.

 Чапда «Air Force Falcons» клуби логотипи, ўнгда «Навбаҳор» логотипи

Америкача футболда иштирок этадиган «Air Force Falcons» клуби 1957 йилда ташкил қилинган бўлиб, АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари академиясига тегишли ҳисобланади. У Колорадо штатидаги Денвер шаҳрида ўз ўйинларини ўтказади. Унинг логотипида ҳам айнан «Навбаҳор» танлаган лочин акс эттирилган, бироқ кўк рангларда.

Шу ўринда савол туғилади, «Навбаҳор» клуби янги логотипини бошқалардан ўғирлаши шартмиди? Наҳотки бизда яхши рассомлар, уста дизайнерлар топилмаса? Фотошопда ишлов бериш орқали бошқаларнинг логотипини ўғирлаш уят эмасми? Наҳотки, бюджети миллиардлаб сўмдан ташкил топган клуб, арзимаган пулни дизайнерларга сарфлаб, ўзига хос ва мос бўлган логотипни ясатиб ололмаса? «Навбаҳор»нинг бу иши ўз олдига юқори мақсадларни қўйган жиддий клубнинг ишига ўхшамаяпти.

Аввалроқ, «Андижон» клуби ўз логотипини «Ливерпуль» ва «Кристал Пэлас» клублари логосидан кўчириб олгани ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлган эди. Про-лигада иштирок этувчи жамоа ҳозир ҳам шу логодан фойдаланиб келмоқда.

«Андижон»нинг «Ливерпуль» ва «Кристал Пэлас» клубларидан ўғирлаган логотипи

 

Мавзуга оид